Ўзбекистон | 15:22 / 13.05.2024
7082
4 дақиқада ўқилади

Иккиламчи бозорда нархларнинг ўсиш суръати секинлашмоқда — уй-жой бозори шарҳи

Марказий банк таҳлилларига кўра, 2024 йил март ойи ҳолатига иккиламчи бозордаги уй-жой нархларининг йиллик ўсиши сўмда 29,6 фоиз, долларда 17,7 фоиз бўлган. Бирламчи бозорда эса нархлар сўмда 39 фоизга, долларда 26,2 фоизга ошган, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида янги уй-жойлар нархининг ўсиш динамикаси тезлашган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки 2024 йилнинг I чораги бўйича кўчмас мулк бозори шарҳини эълон қилди.

Бозордаги фаоллик

Таҳлилчиларга кўра, ҳисобот даврида республиканинг аксарият ҳудудларида тузилган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ошган. Тошкентда эса, аксинча, ўтган йилга нисбатан битимлар сони 12 фоизга камайган. Ўтган чоракдан бошланган бу пасайишга қарамай, динамика ўрта муддатли даражада шаклланмоқда.

Умуман олганда, бозор фаоллиги ўтган йилнинг ўрталарига нисбатан бироз барқарорлашган бўлса-да, ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда, дейилади шарҳда.

Иккиламчи бозор

Қайд этилишича, фаолликнинг барқарорлашуви натижасида иккиламчи бозорда нархлар ўсиши секинлашган.

2022 йил мартидан 2023 йил мартигача иккиламчи бозорда нархлар сўм индекси бўйича қарийб 26 фоизга, доллар қийматида эса қарийб 21 фоизга ошган бўлса, 2023 йилнинг мартидан 2024 йил мартигача нархлар ўсиши сўмда 29,6 фоиз, долларда 17,7 фоиз бўлган.

Пойтахтда январь-февраль ойларида ўсиш суръатлари ўтган йилги даражада сақланиб қолган бўлса, март ойида таклиф нархи бироз пасайган.

Изоҳ: Марказий банк ушбу шарҳдаги кўрсаткичларни ҳисоблаш ва таҳлил қилишда веб-саҳифаларда мавжуд очиқ маълумотларга асосланган. Олинган натижалар ўртача таклиф нархлари бўлиб, шартномалар тузиш ёки белгиланган харажатлар шароитида битимларни амалга оширишни назарда тутмайди

Бирламчи бозор

Бирламчи бозорда ўсиш суръатлари юқорилигича сақланиб қолмоқда. Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида ўсиш суръатлари тезлашган.

Март ойида йиллик ҳисобда бирламчи уйлар нархлари сўм индексида 39 фоизга, доллар кўрсаткичида эса 26,2 фоизга ошган.

Таъкидланишича, янги уй-жойларга бўлган талабни рағбатлантириш нархларга босимни келтириб чиқараётган бўлиши мумкин.

Ижара бозори

I чоракда республика бўйича ижара нархларида ўсиш суръатлари паст ва барқарор даражада шаклланиб келмоқда. Бироқ, ўтган йилнинг бошида кузатилган паст база таъсирининг чиқиб кетиши сабабли жорий нархлар йиллик кўрсаткичларда тўғриланди.

Тошкент шаҳрида таклифнинг ошиши билан бирга талабнинг камайиши ҳисобига нарх босими пасайишда давом этмоқда.

Республика бўйича ижарага бериладиган уй-жойларнинг таклиф нархлари сўм индексида 11,7 фоизга (доллар ҳисобида 1,4 фоизга) ошган. Пойтахтда ижара нархи сўм индексида ўзгаришсиз қолиб, доллар индексида 9 фоиздан кўпроққа пасайган.

Ер участкалари бозори

Биринчи чоракда ер участкалари нархининг ўсиш тенденциялари ўтган чораклар динамикасида қолди. Йиллик ҳисобда 100 квадрат метр (бир сотих) ернинг нархи 37,5 фоизга (доллар индексида – 24,9 фоизга) ошиб, 364 млн сўмни ташкил этди.

Ички миграция ва уй-жой бозори

Марказий банкка кўра, сўнгги йилларда аҳолининг ички мобиллиги сезиларли даражада ошиб, ички миграция жараёнлари тезлашган. Айниқса, 2017-2023 йилларда аҳолининг ҳудудлардан пойтахтга қараб ҳаракатланиши ўсувчи тенденцияга эга бўлган.

Статистик маълумотларга кўра, ўрганилаётган даврда барча вилоятларда ички миграциянинг салбий динамикаси кузатилган (Тошкент шаҳри бундан мустасно). Бу эса, маълум даражада, пойтахт уй-жой бозорига қўшимча босим яратиб, нархларнинг юқорироқ даражада ўсишига олиб келмоқда.

Мавзуга оид