Жаҳон | 20:36 / 14.05.2024
12587
10 дақиқада ўқилади

Бишимбаев иши. Салтанатнинг ўлими Қозоғистон жамоатчилиги ва қонунчилигини қандай ўзгартирди?

Астанада ҳакамлар ҳайъати Қозоғистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири Қувандиқ Бишимбаевни рафиқаси Салтанат Нукеновани ўлдиришда айбдор деб топди. У 24 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Фото: Озодлик радиоси

Cуд собиқ иқтисодиёт вазири Қувандиқ Бишимбаев ва унинг амакиваччаси, Салтанат Нукенова ўлдирилган BAU ресторани директори Бахтжан Байжановга қамоқ жазоси тайинлади.

Аввалроқ маслаҳатлашув хонасида ҳакамлар ҳайъати аъзолари махфий овоз бериш йўли билан 13 саволга жавоб қайтарган, шундан кейин ҳакам Айжан Кулбаева судланувчилар учун қандай жазо тайинлаш бўйича бир қарорга келган. Суд Бишимбаевни ўз хотинига нисбатан ўта шафқатсиз ва қийноқлар қўллаган ҳолда қотиллик қилишда айбдор деб топди.

Собиқ иқтисодиёт вазири 24 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Суд шунингдек Бишимбаевга суд харажатлари учун давлат хазинасига икки млн тенге (4,5 минг доллар) ва Жабрланувчиларга товон тўлаш фонди учун 103 минг тенге (233 доллар) тўлаш мажбуриятини юклаган.

Ишдаги иккинчи фигурант бўлган Байжанов жиноятни яширишда айбдор деб топилиб, унга тўрт йиллик қамоқ жазоси қўлланган.

Суд ҳукми эълон қилинганидан кейин Нукенованинг акаси Айтбек Амангелди журналистлар билан суҳбатда оила Бишимбаев учун шунга ўхшаш жазо тайинланишини кутганини билдириб ўтди.

«Умуман олганда, биз шу [қамоқ] муддати билан тўхтаймиз. 24 йилдан кейин у 68 ёшда бўлади. Бу деярли умрбод қамоқ», — дея қайд этган Амангелди.

Бишимбаев нималарга иқрор бўлди?

8 май куни Бишимбаев ва Байжановга судда сўнгги сўз берилганди. Икки судланувчи ҳам олдиндан тайёрлаб қўйилган матнни ўқиб беришди.

Биринчи бўлиб Бишимбаев чиқиш қилиб, ўз сўзини Худо ва инсон ўз ҳаёт йўлида учратадиган синовлар ҳақида гапириш билан бошлади. У Нукенова ўлган кундаги воқеаларни «Худонинг синови» деб атаган.

«Биз хоҳлаймизми ёки йўқ, буни англаймизми ёки йўқ, биз ҳар куни унинг синовидан ўтамиз. Энг юқори ахлоқий қадриятлар учун синов. Ўша куни, мен айтишим керакки, 8 дан 9 ноябрга ўтар кечаси (Салтанат Нукенова вафот этган кун — таҳр), мен бу синовдан ўта олмадим [...] Менинг ҳаракатларим ўзим учун севимли бўлган инсон ўлимига сабаб бўлди», — деган Бишимбаев.

Судланувчи Нукенованинг ўлимини истамагани ва ўша кунги воқеалар «бундай якунланишини тахмин қилмагани»ни таъкидлаган.

«Мен айбдорман, аммо қасддан қотиллик қилишда эмас. Қўлга олинган илк дақиқамдан буён мен ўша кунги вазият ҳақида ҳақиқатни айтиб келаман, мен яшириниш ва жавобгарликдан қочиш имкониятига эга бўлсам-да, бундай қилмадим», — деган собиқ вазир.

У ҳакамлар ҳайъатидан, ўзининг фикрича, ҳокимият органлари унга қарши «айбловчи ва нохолис» ишлаётгани, ижтимоий тармоқларда эса унга қарши нафрат қўзғатувчи кампания кетаётгани фонида «холис ва адолатли бўлиш»ни сўраган.

Иккинчи судланувчи Байжанов эса ўзининг сўнгги сўзида Нукенова жон берган ресторандаги камералар ёзувлари унинг буйруғи билан ўчириб ташлангани, шунингдек унинг топшириғи билан аёллар кийими олиб келингани ва вафот этган аёлнинг телефони геолокацияни яшириш мақсадида бошқа жойга олиб кетилганини тан олган.

Аммо у оғир жиноят содир этилиб, Нукенова ўша куннинг ўзида вафот этганидан хабари бўлмаганини айтган. Икки судланувчи ҳам қурбоннинг яқинларидан кечирим сўраган.

Бишимбаев ва унинг ҳимоячиларининг позицияси қандай ўзгарди?

Сўнгги сўз вақтида Бишимбаев рафиқасининг ўлимига олиб келган оғир тан жароҳати етказишда айбдор эканига иқрор бўлган. Собиқ вазир Нукеновани қийноққа солиб, ўта шафқатсизлик билан ўлдиргани тўғрисидаги айбловга қўшилмаган.

Бишимбаев суд жараёнида бир неча марта рафиқасини ўлдириш бўйича айбини тан олмаслигини айтганди. У ва унинг ҳимоячилари Нукенов йиқилиб боши билан унитазга ва  ресторан полига урилиши оқибатида олинган жароҳатлардан вафот этганини айтганди.

11 март куни бўлиб ўтган дастлабки суд мажлисида собиқ вазирнинг адвокатлари ҳатто унга қўйилаётган моддани юмшоқроғига — эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабабчи бўлиш тўғрисидаги моддага ўзгартиришни сўрашганди. Ўта шафқатсизлик билан содир этилган қотиллик учун Бишимбаевга 20 йилгача қамоқ жазоси ёки умрбод қамоқ таҳдид солган бўлса, эҳтиётсизлик билан ўлимга сабабчи бўлиш ҳақидаги модда учун уч йилгача қамоқ жазоси қўлланган бўларди.

Бишимбаевнинг ҳимояси дастлабки эшитувда «судланувчи ўлдириш ниятида бўлмагани ва Нукеновани оёқлари билан тепмагани»ни таъкидлаганди.

«Чиндан ҳам ресторанда можаро бўлган. Бишимбаевнинг барча ҳаракатлари Салтанат Нукеновани тинчлантиришга қаратилганди», — деган адвокат.

Кейинроқ калтаклаш видеоси намойиш этилгач, собиқ вазир рафиқасининг «бел соҳаси»га тепгани ва уни ҳушига келтириш учун юзига урганини тан олади

Бишимбаев ва унинг ҳимоячилари судда Нукеновани ўлдиришга мотив исботланмаганини даъво қилишган.

Судда ишнинг қандай деталлари маълум бўлди?

Судда Бишимбаев рафиқасига ишлашни, одамларга астрология бўйича маслаҳатлар беришни тақиқлагани, уни назорат қилгани маълум бўлди. Давлат айбловчисининг версиясига кўра, эр-хотин бўлиб яшашганида собиқ вазир Нукеновага жисмоний ва руҳий зўравонлик қилган, қотиллик учун мотив эса рашк бўлган.

Прокурор Айжан Аймаганова Нукенованинг ўз телефонида қолдирган битикларини ўқиб эшиттирди. «Мен сенинг ўйинчоғинг эмасман, мени доимо қўрқитишинг ва бир гапни қайтаришинг учун сенинг боланг эмасман — сезган бўлсанг, мен ақли заиф эмасман. Мен 24/7 давомида нима қилишим кераклигини эшитишни истамайман. Ҳар бир жанжалдан кейин ўзимга келишим учун бир кун кетади, кейин эса ўз ишларим билан шуғулланишим, сени табассум билан қарши олишим, чарчаган бўлмаслигим керак», — дея Нукенованинг сўзларини келтирган прокурор.

Суд жараёни вақтида Бишимбаевнинг телефони ҳам очилган. Судя Айжан Кулбаева телефонни кўздан кечирган ва собиқ вазир 9 ноябр куни, рафиқасининг ўлими олдидан ресторанда ва машинада олган видеоёзувларни қўйиб берган. Бу роликларда Бишимбаев Нукеновани ҳақоратлайди ва ўтмишда ким билан жинсий муносабатда бўлгани бўйича сўроқ қилади.

Судмедэкспертиза хулосасига кўра, Нукенова ёпиқ бош чаноғи ва мия жароҳати натижасида вафот этган — ўлим тез ёрдам етиб келишидан 6-8 соат олдин содир бўлган. Унинг бурни синган, бошида эса кўплаб моматалоқлар ва жароҳатлар бўлган.

Давлат айблови маълумотига кўра, ресторанда уч киши Бишимбаевдан жуда кўп марта тез ёрдам чақиришни сўрашган, аммо тиббиёт ходимлари фақат 9 ноябр тонгида чақирилган.

Судмедэксперт Тахир Халимназаров судда Нукенованинг бурни парчаланиб кетгани, бундай жароҳат эса силлиқ юзага урилиш оқибатида рўй бермаслигини айтган — бу орқали у Бишимбаев ва адвокатлари иддао қилган полни назарда тутган.

«[Бурун] синиб кетиши учун, одамнинг бошини унитазга уриш керак. [...] Бу инсон бу қадар тезлик билан уриладиган масофа эмас. Бундай баландлик одам танаси шундай кинетик энергияга эга бўлиб, шундай жиддий жароҳат олиши учун етарли эмас», — деган мутахассис.

Қолаверса, судда жароҳатлар натижасида Нукеновада 230 мл қон миқдоридаги мия гематомаси пайдо бўлган — бу ҳалокатли кўрсаткич ҳисобланади.

Бундан ташқари, экспертиза Нукенова ўлим куни маст ҳолатда бўлмагани ҳақида хулоса берган: унинг қонидаги алкогол миқдори жуда кам бўлган. Бишимбаев эса Нукенова ресторанда у билан бирга уч шиша кўпикланадиган вино ичгани ва улар «муносабатларга ойдинлик киритмоқчи бўлишгани»ни айтганди.

Бишимбаев устидан суд Қозоғистонга қандай таъсир кўрсатди?

Плакатдаги ёзув: «Оиладаги зўравонликка йўқ де!» Фото: AFP

Астролог Салтанат Нукенованинг ўлими ва суд жараёни Қозоғистон жамоатчилигида катта резонанс уйғотди.

Ижтимоий тармоқларда ўлдирилган аёлни ҳимоя қилиб, минглаб постлар ёзишди. Шунингдек, қозоғистонликлар оиладаги зўравонлик тўғрисидаги қонуни қабул қилишни тезлаштиришни талаб қилишди. Хусусан, 2021 йилда йўлга қўйилган онлайн-петиция Нукенованинг вафоти ва Бишимбаевнинг қўлга олинишидан кейин 120 минг имзо тўплади.

Қозоғистон парламенти кўриб чиққан тузатишлар норасмий равишда «Салтанат қонуни» номини олди. 2023 йилдаёқ парламентарийлар Қозоғистон президенти топшириғи билан зўравонликни криминаллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ташаббусини билдирганди. Аммо ҳужжатни парламентнинг қуйи палатаси, Мажилис фақат 2024 йил январига келиб қабул қилди.

11 апрел куни эса Сенат қонун лойиҳасини икки ўқишда маъқуллади. Тўрт кун ўтиб эса Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қонунни имзолади.

Шу тариқа, ҳукумат қасддан баданга енгил шикаст етказиш учун жазони қатъийлаштирди ва жарима миқдорини саккиз баравар, қамоқ муддатини икки ярим баравар оширди. Энди бундай ҳолатлар учун жарима миқдори 295 минг тенгегача (650 доллар), қамоқ муддати — 25 кунгача бўлади.

Бу воқеалар ортидан ҳукумат амалдорлар томонидан содир этилган оилавий зўравонлик ҳолатларига тезкорлик билан муносабат билдира бошлади. 10 май куни Астана полиция департаменти аввал Қозоғистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчиси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган дипломат Сакен Мамашга қарши жиноий иш очди.

6 май куни ТИВ уй зўравонлиги бўйича айблов туфайли Мамашни БААдан чақириб олди. Унинг рафиқаси Карина Мамаш «НеМолчиKZ» фонди орқали давлатдан ёрдам сўраганди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган ташкилот ижтимоий тармоқларда қозоғистонлик аёлнинг видеомурожаатини тарқатди. Видеода аёл 10 йил мобайнида жисмоний, иқтисодий ва ҳиссий зўравонликка учраб келишини маълум қилган. Мамаш турмуш ўртоғини жавобгарликка тортишда давлатдан ёрдам сўраган.

Мавзуга оид