Жамият | 13:30 / 14.05.2024
19160
2 дақиқада ўқилади

Дубайда ўзбекистонлик йўловчи самолёт бортида жанжал ва муштлашув келтириб чиқарди

БАА ҳуқуқ-тартибот идоралари икки нафар аёлни рейсдан олиб чиқиб кетган.

Фото: Видеодан кадр

Транспорт ва туризм объектларида хавфсизлик департаменти маълумотларига кўра, 16 апрел куни Дубай шаҳрида Uzbekistаn Airways авиакомпаниясининг рейси Тошкентга учишга ҳозирлик кўраётган бўлган.

Самолёт эшиклари ёпилган ва трап олиб ташланган, бироқ ноқулай об-ҳаво шароити туфайли парвоз кечиктирилган. Бу вақтда йўловчилардан бири, 1979 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси жанжал келтириб чиқарган.

У баланд овозда сўкинган ва самолёт эшикларини очишни талаб қилган. Самолёт экипажи ғазаб отига минган аёл билан мунозара қилишга уриниб кўрган. Яна бир йўловчи ҳам уни тинчлантиришга уринган, бироқ бу аёллар ўртасида муштлашувга сабаб бўлган. 

Дубай аэропорти полицияси иккала йўловчини ҳам рейсдан олиб чиқиб кетди, парвоз охир-оқибат 2 соатга кечиктирилди, натижада бошқа рейслар жадвали мажбурий ўзгартирилди ва авиаташувчига 5037 доллар миқдорида қўшимча харажатлар келтириб чиқарди. 

Транспорт ва туризм объектларида хавфсизлик бошқармаси томонидан йўловчиларга нисбатан терговга қадар текширув ўтказилиб, етказилган зарар тўлиқ қопланди, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузилиб, судга юборилди. 

Мавзуга оид