Жаҳон | 09:20 / 15.05.2024
4959
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Исроилга 1 млрд долларлик қурол етказиб беришни режалаштирмоқда

Оқ уй АҚШ Конгрессига Исроилга янги қурол пакетини, жумладан зирҳли техника учун 700 миллион доллар ва бошқа ҳарбий техника учун яна 500 миллион доллар етказиб бериш нияти ҳақида маълум қилди, деб ёзади The Wall Street Journal.

Фото: Jim Varhegyi

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти 14 май, сешанба куни АҚШ Конгрессига Исроилга қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган янги қурол-яроғ пакетини етказиб бериш нияти ҳақида маълум қилди, деб ёзади Американинг Wall Street Journal нашри маъмуриятнинг исмини ошкор этмаган ходимига таяниб. 

Бу маълумотларга кўра, пакетга зирҳли техникалар учун 700 миллион доллар (647 миллион евро), бошқа ҳарбий техника учун яна 500 миллион доллар (462 миллион евро) ва миномётлар учун 60 миллион доллар (55 миллион евро) киритилиши мумкин. Тахминларга кўра, маъмурият аллақачон бундай етказиб беришни тасдиқлаш жараёнини бошлаган. 

Ўз навбатида, CNN телеканали АҚШ Конгрессидаги аноним манбаларга таяниб хабар беришича, Оқ уй Исроилга қурол етказиб беришда янги келишувни тасдиқлаш бўйича узоқ жараённи эндигина бошламоқда. Ушбу маълумотларга кўра, Давлат департаменти Вакиллар палатаси ва Сенатнинг тегишли қўмиталари билан музокараларни бошлаган, аммо Конгресс бўлажак келишув ҳақида расман хабардор қилиниши керак бўлган аниқ муддат йўқ.

Байден Исроилга бир қатор қуроллар етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди 

Бир неча кун олдин АҚШ президенти Жо Байден Исроил Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ҳарбий амалиёт бошласа, унга айрим турдаги қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди. «Мен аниқ айтдимки, агар исроилликлар Рафаҳга кирса - улар ҳали буни қилмади - мен уларга тарихан бундай операциялар учун фойдаланиладиган қуролларни бермайман», деди Америка раҳбари CNN телеканалига интервюсида. Байденнинг айтишича, Рафаҳ операцияси «нотўғри». «Биз бунинг учун қурол ва артиллерия ўқ-дориларини бермоқчи эмасмиз», деб таъкидлади Оқ уйнинг амалдаги раҳбари. 

Аввалроқ АҚШ Исроилга оғирлиги 907 кг бўлган 1800 та ва 226 килограммли 1700 та бомба етказиб беришни кечиктиргани маълум бўлган эди. Байден CNN телеканалига берган интервюсида Ғазо секторида бундай бомбалардан фойдаланиш натижасида тинч аҳоли ҳалок бўлганини айтди. АҚШ президенти ЦАҲАЛ бу бомбалардан Рафаҳга ҳужум пайтида фойдаланиши мумкинлигидан хавотирда, деб ёзади The New York Times манбаларга таяниб. 

Исроил Ғазо секторидаги «Рафаҳ» ўтказиш пунктини эгаллаб олди 

7 майга ўтар кечаси Исроил ҳарбийлари Ғазо секторининг жанубий қисмида Миср билан чегарадош «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пунктининг Фаластин қисми устидан «тезкор назорат» ўрнатилгани ҳақида эълон қилди. Исроил оммавий ахборот воситалари назорат-ўтказиш пунктининг Фаластин қисми устида Исроил байроғи ҳилпираб тургани акс этган кадрларни намойиш этди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 35 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид