Германиянинг Қозоғистонга тўғридан тўғри инвестициялари рекорд даражага етди
Германия компаниялари Қозоғистондаги фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор, деди президент Тўқаев. Германиянинг Қозоғистонга киритган тўғридан тўғри сармояси 712 миллион еврони ташкил этди, дея қўшимча қилди Қозоғистон раҳбари.
Германиянинг Қозоғистонга киритган тўғридан тўғри сармояси 2023 йилда рекорд даражадаги 712 миллион еврога етди. 15 май, чоршанба куни Қозоғистоннинг Германиядаги элчихонаси хабарига кўра, Марказий Осиё республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси делегацияси билан учрашувда шундай маълумотларни тақдим этди. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 64 фоизга ошди, деди давлат раҳбари.
Тўқаев икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдаги ижобий тенденцияларни, шунингдек, немис компанияларининг Қозоғистондаги иштирокини кенгайтиришга қизиқиш ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Ўз навбатида, Шарқий қўмита раиси Катрина Клаас-Мюлхойзер Германия иқтисодиёти мақсадларига эришишда муҳим ҳамкор сифатида Марказий Осиё республикасининг салмоқли салоҳияти борлигини таъкидлади. Германия таъминот занжири ва ишлаб чиқариш барқарорлигини яхшилаш учун ташқи савдо алоқаларини диверсификация қилмоқда, дея қўшимча қилди Клаас-Мюлхойзер.
Икки мамлакат делегациялари Берлин ва Остона ўртасидаги хомашё, саноат ва технология соҳаларидаги шериклик, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалигидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Учрашув иштирокчилари «технология эвазига хомашё» формуласи бўйича ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли эканлигини таъкидладилар.
Вазифа Шарқий Европада немис бизнесини ривожлантиришдан иборат
Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси Шарқий Европа ва постсовет мамлакатлари бозорларида фаолият юритувчи немис компаниялари манфаатларини ифодалайди. Уюшманинг мақсади Марказий, Шарқий ва Жануби-Шарқий Европа, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёнинг 29 та давлатида немис бизнесини ривожлантиришдан иборат. Ташкилот веб-сайтида таъкидланганидек, у ўз аъзоларига лойиҳаларни амалга ошириш, алоқаларни ўрнатиш ва маълум бир минтақада бозорга кириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради.
Мавзуга оид
16:29
Қозоғистонда магистрал йўлда ўртача тезликни оширганлар жаримага тортилади
13:13
Германия Ўзбекистонга 1 млрд евродан ортиқ қийматда маҳсулотлар экспорт қилди
21:33 / 18.11.2024
Финландия ва Германия ўртасидаги сувости телекоммуникация кабели ишдан чиқди
20:59 / 18.11.2024