Жаҳон | 07:32 / 16.05.2024
8464
3 дақиқада ўқилади

Словакия бош вазири ўринбосари: Фицо операция қилинди, унинг ҳаёти хавф остида эмас

Словакия бош вазири операция қилинди ва унинг ҳаёти хавф остида эмас, деди Томаш Тараба BBC билан суҳбатда. Роберт Фицо Гандлова шаҳрида ўқдан яраланди. Ҳужум қилган шахс қўлга олинган.

Фото: REUTERS / Radovan Stoklasa

Қуролли ҳужумда яраланган Словакия бош вазири Роберт Фицонинг ҳаёти хавф остида эмас. Бу ҳақда Словакия бош вазири ўринбосари Томаш Тараба 15 май, чоршанба куни Британиянинг BBC медиа-компаниясига берган интервюсида маълум қилди. «Мен билишимча, операция яхши ўтди - ва менимча, у охир-оқибат омон қолади», деб таъкидлади Тараба. 

TA3 телеканали ва Dennik газетаси хабарига кўра, Фицо кўп соатлик операциядан кейин кечга яқин ўзига келган. 

Бир неча соат аввал мамлакат мудофаа вазири Роберт Калиняк Словакия вазирлар маҳкамаси раҳбарининг аҳволи ўта оғир эканини айтган эди. Ички ишлар вазири Матуш Шутай-Эшток ҳам Фицонинг ҳаётига таҳдид солаётган вазият ҳақида гапирди. 

Словакия бош вазирига ҳужум 

Роберт Фицога ҳужум мамлакатнинг марказий қисмидаги Гандлова шаҳрида содир бўлди. Оммавий ахборот воситаларининг гувоҳларга таяниб хабар беришича, ҳукумат сайёр мажлисидан сўнг Словакия бош вазири маҳаллий аҳолига мурожаат қилган ва шу вақтда ўқ узилган. Сиёсатчи қорни, қўли ва оёғидан яраланган, дея таъкидлади Standard. Фицо вертолётда Банска-Бистрица шаҳрига олиб кетилган ва у ерда операция қилинган.

Ҳужум содир этган шахс воқеа жойида қўлга олинди. ОАВ хабарига кўра, унинг рафиқаси ҳам сўроқ қилинган. Ушланган шахс ўғли Словакиянинг aktuality.sk ахборот порталига отаси ўқотар қуролларга қонуний эгалик қилганини айтди. 

Ҳужумни Левица шаҳридан 71 ёшли ёзувчи Юрай Цинтула амалга оширган, деб ёзади ОАВ. Словак Ёзувчилар уюшмаси Юрай Цинтула унинг аъзоларидан бири эканлигини тасдиқлади. Агар эркакнинг ҳужумда иштирок этгани тасдиқланса, у адабий бирлашма сафидан чиқариб юборилади, дея ишонтирмоқда ташкилот.

Европа етакчилари Роберт Фицога қилинган ҳужумни қоралади 

Словакия президенти Зузана Чапутова ҳужумни кескин қоралаб, 59 ёшли сиёсатчига куч ва тезроқ тузалиб кетишини тилади. Ҳукумат жиноятда «сиёсий сабаб» борлигини билдирди. Европанинг бошқа давлат ва ҳукумат раҳбарлари, жумладан Германия канцлери Олаф Шолц ва Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ҳам Роберт Фицога қилинган ҳужумни кескин қоралаган баёнотлар беришди. 

Роберт Фицо Словакия ҳукумати раҳбари лавозимини 2023 йил октябр ойида ўзининг «Йўналиш – социал демократия» популистик партияси парламент сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг учинчи марта эгаллади. У бунгача 2006-2010 ва 2012-2018 йилларда вазирлар маҳкамасини бошқарган. Охирги кампания давомида ва лавозимга сайланганидан кейин Фицо россияпараст позицияни эгаллади. 

Мавзуга оид