Тўқаев Марказий Осиё давлатларини қарама-қарши қўйишга уринаётган ташқи кучлар ҳақида гапирди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Марказий Осиё давлатларини бир-бирига қарама-қарши қўйиш ва минтақада тарқоқликни юзага келтиришга уринаётган ташқи кучларга биргаликда қарши туришга чақирди.
Бу ҳақда Тўқаев 16 май куни Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик кенгашлари котиблари билан учрашувда айтиб ўтган.
“Шуни ишонтириб айтаманки, биз бундай ёндашувлар ва уринишларни қатъиян рад этамиз. Умуман олганда, мамлакатларимиз ўртасида биз ўзаро мақбул ечим топа олмаган масалалар йўқ ва бўлмаслиги ҳам керак. Ишончим комилки, муштарак қадамларимиз ва ўзаро қўллаб-қувватлашнинг уйғун бўлишигина қардош халқларимиз фаровонлигига йўл очиб беради”, – деган у.
Қозоғистон раҳбари сўнгги бир неча йилда минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро ишонч борасида туб ўзгариш бўлганини таъкидлаган.
“Тўла-тўкис масъулият билан айта оламанки, бундан 10 йил олдин Марказий Осиё минтақасида бундай ҳолат йўқ эди. Ҳозир давлатлар раҳбарлари, ҳукуматлар раҳбарлари, хавфсизлик кенгашлари котиблари, кучишлатар идоралар раҳбарлари – иқтисодий идоралар раҳбарларини-ку айтмаса ҳам бўлади – бир-бири билан яқиндан ҳамкорликда ишлаяпти. Ва бу – Марказий Осиё минтақасидаги вазият барқарор тараққиёт йўналишига чиқаётганининг жуда яхши белгиси”, – деган Қосим-Жўмарт Тўқаев.
У Қозоғистонда рўй берган сув тошқинлари вақтида минтақа давлатлари кўрсатган кўмак учун миннатдорлик билдирган: “Биз бундай қўллаб-қувватлашни юксак қадрлаймиз ва буни чинакам дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлашнинг далили деб ҳисоблаймиз”.
Маълумот учун, Марказий Осиё республикалари хавфсизлик кенгашлари котибларининг биринчи учрашуви Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили июнда Олмаотада Марказий Осиё давлатлари ва Россия хавфсизлик кенгашлари котибларининг биринчи учрашуви ўтказилганди.
Марказий Осиё давлатлари президентлари олтинчи маслаҳат учрашуви учун 9 август куни Остонага йиғилади.
Мавзуга оид
23:10 / 23.12.2024
Россия Қозоғистонда 7 млн долларлик фирибгарлик ишида айбланаётган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилди
17:57 / 23.12.2024
Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди
20:04 / 21.12.2024
Ғойиб бўлган машиналар иши: асосий фигурант Абдулла Абдурасуловнинг шериклари қамалди, унинг ўзини терговчи қўйиб юборган
15:00 / 18.12.2024