АҚШ Миллий разведкаси: «Россия - сайловлар учун энг катта таҳдид»
СИ технологиялари туфайли нафақат Хитой, Россия ва Эрон, балки бошқа давлатлар ёки АҚШдаги уюшмалар ҳам сайловларга аралашишга уриниши мумкин, деб ҳисоблайди хавфсизлик хизматлари.
Россия, Хитой ва Эрон 2024 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашишга интилаётган асосий иштирокчилар бўлиб қолмоқда. Айни пайтда, сунъий интеллектдан фойдаланишнинг янги технологик имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, бошқа мамлакатлар ёки ҳатто Қўшма Штатлар ичидаги уюшмалар дезинформацион кампанияларни бошлашга уриниши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди. 15 май, чоршанба куни АҚШ Сенатининг разведка қўмитасида сўзга чиққан АҚШ Миллий разведкаси раҳбари Эврил Хейнс сайлов хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятга шундай баҳо берди.
Хейнсга кўра, Россия АҚШ сайловлари учун «энг фаол ташқи таҳдид». Америка разведка хизматига кўра, давлат матбуоти ва интернет фойдаланувчилари ёрдамида Москва Қўшма Штатлардаги демократик институтларга ишончни ва Украинани қўллаб-қувватлашни сусайтирмоқчи. Сўнгги бир неча ой ичида Россия сайловчиларни ғалаёнга солиш мақсадида Қўшма Штатлардаги миграция мунозараларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилди, дейди Хейнс.
Хитой бўйича, АҚШ Миллий разведкаси раҳбари таъкидлашича, агентлик унинг фаолиятини кузатишда давом этмоқда. 2020 йилда Пекин Вашингтоннинг жавоб ҳаракатларидан хавфсираб, АҚШ президентлик сайловларига бевосита аралашишга уринмади, дея таъкидлади у.
Хейнснинг сўзларига кўра, Эрон сайловчиларни чалғитиш учун ижтимоий тармоқлардан ҳам фойдаланган.
Сайлов пайтида ҳакерлик ҳужумлари хавфи
15 май куни АҚШ Сенати разведка қўмитасининг эшитувларида овоз бериш натижаларини ўзгартириш ёки сайловга ишончни сусайтириш мақсадида федерал ёки маҳаллий сайлов органлари компютер тизимларини бузишга уринишлар билан боғлиқ хавфлар ҳам муҳокама қилинди.
Киберхавфсизлик ва инфратузилма хавфсизлиги агентлиги директори Жен Истерлининг айтишича, федерал ҳукумат 2024 йилги президентлик сайловлари имкон қадар хавфсиз ўтишини таъминлаш учун маҳаллий ва федерал сайлов расмийлари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Мавзуга оид
18:44
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:15
Путин Россиянинг янгиланган ядровий доктринасини тасдиқлади
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
21:08 / 18.11.2024