Жаҳон | 09:26 / 17.05.2024
5028
3 дақиқада ўқилади

Путин ва Си Жинпинг «АҚШнинг глобал ҳукмронлик истагини» танқид қилди

Россия ва Хитой раҳбарлари ўзларининг умумий стратегик манфаатларини тасдиқладилар ва «АҚШнинг глобал ҳукмронлик истагини» танқид қилдилар.

Фото: AP

Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Жинпинг Пекиндаги учрашув чоғида ўзларининг умумий стратегик манфаатларини тасдиқладилар ва АҚШнинг глобал ҳукмронлигини танқид қилдилар. 16 май, пайшанба куни бўлиб ўтган музокараларда улар Россия ва Хитой ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Путин Хитойга икки кунлик давлат ташрифини амалга оширди. Бу унинг Россия Федерацияси президенти сифатида бешинчи муддатга инаугурация қилинганидан кейин биринчи хорижий сафаридир. Ташриф аввалида Путин икки йирик давлат ўртасидаги «мисли кўрилмаган юқори даражадаги стратегик шериклик» ҳақида маълум қилди. 

Ўз навбатида, Си Жинпинг Путинни қутлар экан, «сўнгги уч чорак аср давомида Хитой-Россия муносабатлари оғир шароитларда шакллангани, ўзгарувчан халқаро вазият синовидан ўтгани ва бугунги кунда йирик қўшни давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар стандартини ифодалаши»ни айтиб ўтди. 

АҚШни танқид қилиш 

Путин ва Си АҚШни тобора тажовузкор хатти-ҳаракатларда айблаб, ҳарбий ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятини билдирди. «Қўшма Штатлар стратегик мувозанатни бузишга ҳаракат қилмоқда», деб таъкидлаган икки давлат раҳбарлари қўшма баёнотда. Улар Қўшма Штатлар дунёнинг кўплаб минтақаларида ҳарбий жиҳатдан мавжудлигини эслатиб, Хитой ва Россияга таҳдид солаётганини билдирди. Путин «кўп қутбли дунё» қуриш муҳимлигини яна бир бор таъкидлади. 

Бир неча ҳафта олдин АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Хитойга ташрифи чоғида Пекиндаги раҳбариятни Россия билан ҳарбий ҳамкорликни чуқурлаштиришдан воз кечишга ишонтиришга уринган эди. Россиянинг Украинага қарши уруши фонида Блинкен Хитойга Россия мудофаа сектори билан ҳамкорлик қилаётган маҳаллий компанияларга нисбатан кенгайтирилган санкциялар билан таҳдид қилди.

Хитойга ташрифи чоғида Путинга Россиянинг юқори мартабали вакилларидан иборат катта делегация, жумладан, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Россиянинг янги мудофаа вазири Андрей Белоусов ва Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина ҳамроҳлик қилди. Россия президентига қатор йирик компаниялар – «Роснефт» раҳбари Игор Сечин, «Сбербанк» раҳбари Герман Греф ва тадбиркор Олег Дерипаска ҳам ҳамроҳ бўлди.

Мавзуга оид