Ўзбекистон | 10:25 / 17.05.2024
3065
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев телефон орқали мулоқот қилди

17 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Қозоғистон президентини таваллуд куни билан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, қардош қозоқ халқига тинчлик ва равнақ тилади. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси алоҳида қайд этилди.

Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қозоғистон кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтиришга доир долзарб масалаларни кўриб чиқдилар. Хива шаҳрида бўлиб ўтган амалий учрашувдаги келишувларнинг амалга оширилиши ва бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаларининг янги портфелини шакллантириш, бизнес ва ҳудудларни жалб қилган ҳолда саноат, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги кооперацияни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид