Жаҳон | 23:05 / 17.05.2024
4053
2 дақиқада ўқилади

Европа ҳудудида Россиянинг «РИА Новости», «Известия» ва «Российская газета» нашрлари тақиқланди

Уларнинг ташвиқот фаолияти «Украина давлати ва унинг ҳокимият органларига, Украина фуқароларига, Европа Иттифоқидаги демократик институтлар фаолиятига қарши» экани қайд қилинган. 

Фото: Getty Images

Европа Иттифоқи Кенгаши Европа давлатлари ҳудудида Россия расмийларининг тарғиботини тарқатувчи ва қўллаб-қувватловчи тўртта рус оммавий ахборот воситалари фаолиятини тўхтатди. 

Жумладан, «РИА Новости», «Известия», «Российская газета» ва «Голос Европы» нашрлари тақиқланди. Европа Иттифоқи Кенгаши ушбу оммавий ахборот воситалари «Россия Федерацияси раҳбариятининг доимий бевосита ёки билвосита назорати остида» ва «Россиянинг Украинага қарши босқинчилик урушини қўллаб-қувватлашда муҳим рол ўйнаганини» таъкидлади. 

Россиянинг тўртта оммавий ахборот воситаларининг ташвиқот фаолияти мунтазам равишда «Украина давлати ва унинг ҳокимият органларига, Украина фуқароларига қарши; Европа сиёсий партиялари, айниқса, сайловлар даврида, шунингдек, фуқаролик жамияти, бошпана изловчилар, рус этник озчиликлари ва Европа Иттифоқидаги демократик институтлар фаолиятига қарши» экани қайд қилинган. 

Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан қабул қилинган чоралар фақат нашрларнинг кундалик фаолиятига тегишли. Ушбу оммавий ахборот воситалари ва ходимларининг бошқа фаолияти - масалан, тадқиқоти ёки интервюси тақиқланмайди. 

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Европа Иттифоқи кенгаши қарорига муносабат «тайёрланаётганини, жавоб чақмоқ тезлигида ва ўта оғриқли» бўлишини маълум қилди. 

2022 йил феврал ойида Россиянинг кенг миқёсли босқинчилиги бошланганидан кўп ўтмай, ЕИ маъмурлари Russia Today (RT) ва Sputnik телеканалларини «Украинага қарши тажовузни оқловчи ва ЕИга қарши қаратилган ташвиқот кампаниясини олиб бораётгани сабабли» Европа мамлакатларида кўрсатишни тақиқлади. RT France бу қарорга эътироз билдиришга уринди, бироқ Европа суди тақиқни ўз кучида қолдирди.

Мавзуга оид