Орзудаги уй — қишда иссиқ, ёзда салқин. Бунга қандай эришиш мумкин?
Сизнингча, энг яхши уй қандай бўлиши керак? Қишда иссиқ, ёзда эса салқин бўлган уйни барчамиз хоҳлаймиз, лекин баъзида ҳар қанча энергоресурс ва пул сарфламайлик, ташқи таъсирлар туфайли бунга эришолмаймиз. БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) бу муаммога камчиқим ва осон эришиш учун нима қилиш мумкинлиги ҳақида ечимларни таклиф этади.
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, ҳаётимиздаги оддий мисоллар баъзида мураккаб масалаларда ечимни топиб беради. Масалан, қишда совуққотганда иссиқ чой ичиб кўрпа ёпиниб танамизни иситамиз. Чой ичимизни иситганда кўрпа бу иссиқлик ташқарига чиқиб кетишининг олдини олади ва тана исийди.
Иссиқлик изоляцияси – бу мавсум ва иқлимга қараб иссиқлик ўтказувчанлигини камайтириш учун бинони махсус изоляцион материаллар билан ички ёки ташқи томондан қоплаш ҳисобланади. Бу материаллар уйнинг пол қисми, деворлари, шифти, томи, эшик-ромлар атрофига қопланади. Бу материалларни тўғри танлаш ва ўрнатиш уйнинг ёзда салқин, қишда эса иссиқ сақланишини таъминлайди. Изоляцион материалларни кўрпа деб тасаввур қилсак, уй ичидаги иситиш технологияларини иссиқ чой ўрнида қабул қилишимиз мумкин. Ва шу иссиқлик изоляцияси орқали уйдаги мўътадил ҳароратни сақлашнинг имкони бор, устига устак уй ичидаги иситиш харажатларини сезиларли даражада камайтирган ҳолда юқори самарали иситишга эга бўлиш мумкин.
Самарали иссиқлик изоляцияловчи материални ва унинг қалинлигини тўғри танлаш структуранинг иссиқлик қаршилигини оширади ва уйингизнинг иссиқлик йўқотилишини камайтиради. Масалан, биринчи уй учун 50 мм изоляция қалинлиги ва иккинчи уй учун 150 мм изоляция қалинлиги бўлган иккита бир хил уйни солиштирганда, 150 мм изоляцияли уй учун йиллик иситиш сарф-харажатлари 50 мм изоляция қилинган уйга нисбатан 2 баравар камроқ бўлади.
Иссиқлик изоляцияси маҳсулотлари орқали энергияни тежаш ва маблағни қисқартириш мумкин. Бу маҳсулотлар биноларнинг деворлари, томлари ва поллари орасига ўрнатилганида, иссиқлик йўқотишини камайтиради ва бу бино ичидаги ҳароратни узоқ вақт барқарор ушлаб туришга ёрдам беради. Натижада, иситиш ва совитиш тизимлари камроқ энергия сарфлайди, бу эса энергия харажатларини кескин пасайтиради. Иссиқлик изоляцияси ўрнатиш бошланғич сармоя талаб этса-да, узоқ муддатда катта иқтисодий фойда келтиради.
“Ҳозир қурилаётган иморатлар асосан ташқи томондан иссиқлик изоляцияси билан қопланяпти. Хона ичидаги 20-30% иссиқлик том қисмидан чиқиб кетади. 15-20%и эса дераза-эшиклардан чиқиб кетади. Полдан ҳам 10-15% иссиқлик чиқиб кетади. Шунинг учун асосий кучни лўмбоз қисмига бериш керак. Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида қурилган иморатларни ўрганганимизда асосан тўсинларнинг устига 30-40-50 сантиметрли қамиш босилган. Кейин тупроқ босилиб, томи ёпилган. Ўша пайтда бундан бошқа ресурс бўлмаган, лекин қамиш ва тупроқ босими ҳарорат мувозанатини сақлашда яхши натижа берган. Ўша шароитда ота-боболаримиз кондиционерсиз мўътадил ҳароратни яратишган”, дейди мутахассис Шерзод Маҳмудов.
Мутахассисларга кўра, изоляция қилинган хонадон ўртача 40%дан 70%гача энергия тежайди. Буни иккита бир хил хонадон мисолида солиштириш мумкин: изоляция қилинмаган хонадон 1 йилда табиий газ ва электр энергияси учун ўртача 5 млн сўм сарфласа, изоляция қилинган хонадон эса ўртача 1,5 млн сўмдан 3,5 млн сўмгача пул сарфлайди. Буни уйини шундай изоляцион материаллар билан жиҳозлаган фуқаролар мисолида кўриш мумкин.
Изоляция, шунингдек, тузилмаларни нафақат ҳарорат ўзгариши таъсиридан, балки ёзги иш даврида қуёш нурланишидан ҳам ҳимоя қилади.
Иссиқлик изоляциясидан ташқари, бу материаллар яна бир муҳим вазифани бажаради - овоз шовқинидан ҳимоя. Материаллардан фойдаланиш орқали товуш даражасини 48 дБ га камайтириш мумкин, бу хонадаги акустик қулайликни сезиларли даражада яхшилайди.
Кварц асосидаги минерал пахта ёнмайди ва олов тарқалишига тўсиқ бўлиб хизмат қилади. Минерал пахта изоляцияси ёнғин тарқалишини кечиктириш, ёнғинга тўсиқ бўлиб, ёнғин тарқалишини секинлаштириш ва фавқулодда хизматларга биноларга етиб бориш учун қўшимча вақт бериш орқали бинолар хавфсизлигини яхшилашга ёрдам беради.
Иссиқлик изоляцияловчи материал инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун мутлақо хавфсиздир ва ҳеч қандай ҳидга эга эмас. У гигроскопик эмас (ўзидан сувни қайтаради), моғор ва замбуруғларга сезгир эмас, чиримайди ва кемирувчилар ва ҳашоратлар учун тўсиқ бўлиб хизмат қилади.
Мавзуга оид
13:32 / 06.11.2024
Тошкентда октябрда уй-жойлар учун ижара нархи ошиши секинлашди
17:03 / 29.10.2024
Европаликлар уй-жойга пул тўлаш учун озиқ-овқат харажатларини камайтиришга мажбур бўлмоқда — сўровнома
18:15 / 14.10.2024
Уй сотиб олишга бўлган қизиқиш пасайишда давом этяпти
22:30 / 27.09.2024