«Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун: ЕИ Гуржистон билан визасиз режимни бекор қилмоқчи
Нидерландия, Чехия, Швеция ва Эстония Брюсселнинг огоҳлантиришлари ва оммавий норозиликларга қарамай, «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни қабул қилишга уринишлари учун Гуржистонга қарши санкциялар жорий этишни талаб қилмоқда, деб ёзади FT.
Нидерландия, Эстония, Чехия ва Швеция Гуржистон ҳукуматининг мунозарали ташқи таъсир тўғрисидаги қонунни қабул қилишга уринишларига жавобан ушбу мамлакатга қарши санкциялар жорий этишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда 22 май, чоршанба куни Financial Times (FT) газетаси ёзди. Нашрнинг таъкидлашича, эҳтимолий чекловлар қаторига Гуржистон ва ЕИ ўртасидаги визасиз режимнинг тўхтатилиши, мақсадли санкциялар ва Европа жамғармаларидан маблағ ажратилишини музлатиш киради. Гуржистонга қарши санкциялар муҳокамаси келаси ҳафта ЕИ ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида бўлиб ўтади, деб ёзади нашр.
FT қайд этишича, Европа Иттифоқига номзод давлат Гуржистон Брюсселнинг огоҳлантиришларига ва бир неча ой давом этган кўча намойишларига эътибор бермади. Европа Иттифоқи «Гуржистон ҳукуматига турли босим чоралари»ни кўриб чиқмоқда, дея хабар беради нашр бу масала билан таниш бўлган европалик расмийларнинг сўзларига таяниб.
Қонун қабул қилиниши Гуржистоннинг ЕИга йўлини ёпиб қўяди
25 апрел куни Европа парламенти резолюцияни қабул қилди, унга кўра, агар «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун қабул қилинса, Брюссел Гуржистон билан ЕИга кириш бўйича музокараларни тўхтатади. Европа кенгашининг Венеция комиссияси 21 май куни Тбилисига мунозарали қонунни қабул қилишдан бош тортишни «қатъий тавсия этди». Европа Иттифоқи комиссияси таъкидлаганидек, «гўё ошкораликни таъминлашга қаратилган қонун хориждан маблағларининг озгина қисмини ҳам оладиган уюшмалар ва оммавий ахборот воситаларини қоралаш, овозини ўчириш ва охир-оқибат тугатиш хавфига олиб келади».
Қонун лойиҳаси уч ўқишда қабул қилинган, бироқ президент вето қўйган
14 май куни Гуржистон парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни учинчи ва якуний ўқишда қабул қилди, бироқ 18 май куни мамлакат президенти Саломе Зурабишвили унга вето қўйди. У ўз қарорини қонун Гуржистоннинг Европа йўлига тўсқинлик қилишини айтиб изоҳлади. Бироқ Гуржистон парламенти президент ветосини бекор қилмоқчи.
Мавзуга оид
07:50
ЕИ Гуржистон ҳукуматига ажратилган 121 млн еврони қайтариб олди
22:49 / 18.11.2024
Гуржистон президенти парламент сайловларидаги қонунбузарликлар сабаб Конституциявий судга даъво киритади
14:00 / 16.11.2024
Гуржистонсиз 30 йил: Абхазия ва Жанубий Осетия қандай яшамоқда?
11:04 / 15.11.2024