Жаҳон | 00:07 / 24.05.2024
4745
3 дақиқада ўқилади

Исроил ва ҲАМАС музокараларнинг янги босқичини бошлашга уринмоқда

10 май куни АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида Исроил ва ҲАМАС ўртасида олиб борилган билвосита музокараларнинг сўнгги босқичи ҳеч қандай натижа бермай якунланган эди.

Фото: Reuters

Исроил ва ҲАМАС музокараларни боши берк кўчадан чиқариш йўлини изламоқда. 23 май куни Исроил ҳукумати ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни қайта бошлашга рози бўлди. Kan каналига кўра, бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг идораси музокарачиларга янги кўрсатмалар берган. Янги режанинг тафсилотлари оммага ошкор этилмаган, бироқ телеканал қайд этишича, Исроил бир қатор масалалар бўйича ўз позициясини кескинлаштирган.

10 май куни АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида Исроил ва ҲАМАС ўртасида олиб борилган билвосита музокараларнинг сўнгги босқичи ҳеч қандай натижа бермай якунланган эди.

ҲАМАС араб воситачилари – Қоҳира ва Доҳанинг таклифини қабул қилганини ва ўт очишни тўхтатишга тайёрлигини билдирди. Бироқ, Исроил якуний тинчлик режасига воситачилар томонидан тузатишлар киритилганини, бу Исроил томони билан келишилмаганини айтди. Шунинг учун яҳудий давлати Фаластин таклифини қабул қилишдан бош тортди.

Шундан бери музокаралар деярли икки ҳафта давомида «деярли тўхтаб қолди», деди Қатар ТИВ матбуот котиби Мажид ал-Ансорий 21 май куни.

18 май куни Исроилнинг 12-каналига маълум бўлишича, яҳудий давлати разведка хизматлари раҳбарлари бош вазир Бинямин Нетаняҳуга ҲАМАС билан билвосита музокараларни қайта бошлаш таклифи билан мурожаат қилган, бироқ бош вазир бу илтимосни рад этган.

Телеканал маълумотларига кўра, разведка хизматлари вакиллари Исроил ён бериши кераклигини таъкидлаган. Бош вазир ўз жамоаси аллақачон қўлидан келганини қилгани, аммо ҲАМАС ҳаммасини рад этганини айтгани таъкидланмоқда. Телерадиокомпаниянинг хабар беришича, жаноб Нетаняҳу «урушни тугатадиган ҳеч қандай таклифга рози бўлмаслигини» айтган.

Бу ҲАМАС ва Исроил позицияларидаги асосий зиддиятдир. Фаластин радикаллари жангларни бутунлай тўхтатмоқчи. Бироқ исроилликлар бунга қарши.

Бош вазир Нетаняҳунинг таъкидлашича, сулҳ тугаганидан кейин Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ҲАМАС «бутунлай йўқ қилинмагунча» Ғазодаги кампанияни давом эттиради.

Kan хабарига кўра, гаровга олинганлар оилаларининг мурожаати Нетаняҳуни музокараларни қайта бошлашга ишонтиришга ёрдам берган. Ҳукумат йиғилишидан олдин улар Кирят Шмонада митинг уюштиришди. Бундан ташқари, музокараларни қайта бошлашни Мудофаа вазирлиги раҳбари Йоав Галант ва ҳарбий вазирлар маҳкамаси аъзоси Бенни Ганц талаб қилган.

Бироқ, Исроил ўз делегациясини музокараларга юборишга рози бўлса-да, ҳозирча воситачилар - Қатар ва Мисрдан ижобий сигналлар бўлмаган.

Айни пайтда Миср воситачилигининг тақдири сўроқ остида турибди. Миср Давлат ахборот хизмати раҳбари Диа Рашван 22 май куни АҚШ ва Исроил мисрликларни музокараларни бузишда айблаганидан кейин Қоҳира воситачилик функцияларидан воз кечиши мумкинлиги билан таҳдид қилган эди.

Мавзуга оид