Ўзбекистон | 14:59 / 25.05.2024
16688
7 дақиқада ўқилади

“Кўчириш” номли кесиш – собиқ МХХ биноси ҳудудидаги дарахтларни кўчиришга рухсат олинмагани маълум бўлди

Metropol Group” компанияси Тошкент шаҳридаги собиқ МХХ биноси ҳудудидан эманларни кўчиришга Экология вазирлигидан рухсат сўраган. Бироқ вазирлик ҳам, унинг қуйи органлари ҳам бунга рухсат бермаган. Ваколатли орган ходимларининг изоҳларига таянадиган бўлсак, дарахтлар ноқонуний тарзда кўчирилаётгани аён бўлади. Аммо негадир бунга ҳамма томошабин бўлиб турибди.

Воқеа қандай бўлди?

22 май куни Тошкент шаҳри марказидаги Сайилгоҳ кўчасидан устига яшил мато ёпиб олиб чиқиб кетилаётган дарахтлар видеоси тарқалди. Kun.uz'га маълум бўлишича, дарахтлар собиқ Миллий хавфсизлик хизмати биноси ҳудудидан олиниб, Тошкент вилоятининг Қибрай тумани Мирзо Улуғбек шаҳарчасидаги анҳор бўйига кўчириб ўтказилган.

Воқеа ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлгач, Экология партияси Бош прокуратура ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъул давлат ташкилотларидан зудлик билан ҳолатга чора кўришни сўради. Шундан кейин Экология вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ўрганиш бошлаганини маълум қилди.

Тошкент шаҳри, Сайилгоҳ кўчаси / Фото: Экология вазирлиги
Тошкент вилояти, Қибрай тумани Мирзо Улуғбек шаҳарчаси / Фото: Kun.uz

Дарахтлар нега кўчириляпти?

2023 йил ёзида собиқ МХХ биносини бузиш бошланган эди. Бино аввалроқ Metropol Group компанияси томониб хусусийлаштириб олинган ва ўрнида 22 қаватли меҳмонхона қурилиши эълон қилинган.

Шаҳар экология бошқармаси бўлим бошлиғи Турсунпўлат Эгамовнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, Metropol Group январ ойида дарахтларни кесиш учун бошқармага хат жўнатган. Лекин вазирлик буни рад этган.

Metropol Group томонидан январ ойининг охирида дарахтларни кесишга рухсатнома сўраган. Бошқарма томонидан дарахтларни таг қисмидан кесишга рухсат берилмаган”, – деди Эгамов.

Турсунпўлат Эгамов, шаҳар экология бошқармаси бўлим бошлиғи

Шунингдек, у қонунчиликда дарахтни кўчиришга рухсатнома берилиши белгиланмаганини ҳам қўшимча қилди.

Кўчиришга рухсат бериш тартиби йўқ. Фақат Вазирлар Маҳкамасининг 464-сонли қарорига асосан кўчириш тартиби берилган. Биз дарахтларни кўчиришга рухсатнома бера олмаймиз. 3 кун олдин хат асосида хабар берилади. Кўчиришга биз томонимиздан инспектор ажратилиши керак. 2,5 ойдан бери ҳеч нимадан хабарсиз эдик”, – деди масъул.

Журналистнинг компания бирорта ташкилот рухсатини олмасдан кўчиришни бошлаганми деган саволига, Эгамов “Ҳа” деб жавоб берди.

Тошкент вилояти, Қибрай тумани Мирзо Улуғбек шаҳарчаси
Тошкент вилояти, Қибрай тумани Мирзо Улуғбек шаҳарчаси

Юнусобод тумани экология инспекцияси вакили Нодир Қодиров дарахтлар кўчириладиган жойни кўриб кетгани, лекин кўчиришга рухсат берилмаганини таъкидлади.

Нодир Қодиров, Юнусобод туман Экология инспекцияси вакили

Дарахтларни ким кўчиряпти?

Дарахтларни кўчириб ўтказиш учун “Muna Mug” компанияси ёлланган. Компания раҳбари Фаррух Ҳакимов Kun.uz мухбирига дарахтларни кўчиришга рухсат олинганини айтди, лекин рухсатномани таҳририятга кўрсатгани йўқ.

Ҳакимовга кўра, компания кўчириш ишларини 2,5 ой олдин бошлаган. Сайилгоҳ кўчасидан 26 дона 30-70 ёшли эман дарахтларини кўчириш ишлари давом этяпти. Ҳозир 15 дона эман Қибрайга олиб келинган, яна 11 донаси кўчириб келинади.

Фаррух Ҳакимов, “Muna Mug” компанияси раҳбари

Дарахтни кўчиришда энг қийин нарса – уни думалоқ қилиб олиш. Битта кўчирилаётган дарахт 55-60 тоннагача бўлади. Уларни ётқизиб ташиб келиш учун 32 метрли тралл керак. Дарахт танасини максимал сақлаб қолиш учун шунақа узун траллни олдик. Битта дарахтни кўчириб келишга 12 соат вақт кетяпти”, – деди Ҳакимов.

Дарахтлар қуриса, ким жавоб беради?

Фаррух Ҳакимов дарахтларнинг қуримаслигига 100 фоиз кафолат беришини айтяпти. У ўзи фойдаланаётган технология Ўзбекистон бўйича ҳали қилинмагани, ўзи ҳам бундай катта ҳажмли дарахтларни илгари кўчирмаганини айтди.

Дарахт илдизининг 80 фоиздан юқорисини олганман, шунинг учун у қуриб қолмайди, 2 йилда шохлари олдинги ҳолатига қайтиб чиқади”, – деди у.

Ҳакимов дарахтларга 3 йил қараб, дори ва озуқасини бериб туришини, агар қуриса, жаримасини тўлашга тайёр эканини ҳам билдирди.

Тошкент вилояти, Қибрай тумани Мирзо Улуғбек шаҳарчаси

Экология вазирлиги масъули Турсунпўлат Эгамов ҳам дарахтни кўчираётган тадбиркор ким билан шартнома қилган бўлса, дарахтнинг тақдирига ҳам ўша компания жавобгар эканини айтди.

Биз тадбиркор билан бириктириш далолатномасини тузамиз. 3 йил ичида ўша дарахтлар қуриб қолса, табиатга етказилган зарар миқдори ҳисобланиб, қуриб қолганлиги учун жарима жазоси белгиланади. Бу дарахтлар кўплиги сабаб, Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-моддасига кўра, жиноий иш очилиши мумкин. Ҳар бири учун миллиарддан ошиқ миқдорда жарима белгиланиши мумкин”, – деди Эгамов.

Жамоатчилик эшитуви бўлган, лекин унда ОАВ бўлмаган

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидан 26 дарахтнинг олиб кетилаётганига юнусободликлар розими, деган савол билан Kun.uz мухбири масъулларга юзланди. Фаррух Ҳакимовнинг айтишича, белгиланган тартибда жамоат эшитуви қилинган. Унга Ёшлар ижод саройи вакиллари ва атрофдаги бошқа ташкилотлар ҳам таклиф қилинган.

Жамоатчиликни йиғиб, дарахт кўчиришимизни ва ўрнига ёши каттароқ, ўзини тутиб олган 150та дарахт экишимизни айтганмиз, бунинг тақдимотини ҳам қилиб берганмиз”, – деди у.

Бироқ жамоатчилик эшитувида ОАВдан бирорта вакил таклиф этилмаган. Бундан ташқари, Турсунпўлат Эгамов ҳам дарахтларни кўчириш тадбирига мутлақо қарши эканини маълум қилди.

Масъуллар саволларга жавоб берди, бироқ жавоблар бошқа саволларни пайдо қиляпти. Дарахтларни кўчиришга Эковазирлик рухсат берганми ёки бермаганми? Агар бермаган бўлса, Muna Mug компанияси дарахтларни шаҳарликлардан ўғирлаб кетяптими? Агар бу ўғрилик бўлса, унда бунга қарши ким чора кўради?

Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид