Ўзбекистон | 12:10 / 25.05.2024
18505
6 дақиқада ўқилади

“Овоз” лойиҳасига давлат бюджетидан салкам 2 млрд сўм ажратилди. Бу тўғрими?

Хусусий телеканалдаги ашулачилик лойиҳасига бюджетдан пул ажратилгани танқидларга сабаб бўляпти. Маданият вазири Озодбек Назарбеков бошқа соҳалар қатори давлат санъат ва маданиятни ҳам қўллаб-қувватлаши кераклигини айтди. BBC журналисти Ибрат Сафо эса бунақа кўрсатув ҳеч қаерда давлат даражасидаги лойиҳа эмаслигини мисоллар билан асослади. Лойиҳанинг бир марталик эфир вақтидаги рекламалар сотуви эса 2 млрд сўмдан кам эмас.

Zo‘r TV телеканалида намойиш этилаётган “Овоз” лойиҳасининг гонорарига давлат бюджетидан салкам 2 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган. Хусусий каналда кўрсатиладиган кўрсатувнинг давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётгани ижтимоий тармоқларда эътирозларни келтириб чиқарди.

“Фақат бизники кўриняпти, бошқа ҳамма соҳага давлат ёрдам берса, у ҳеч нарса эмас”

Маданият вазири Озодбек Назарбеков Gazeta.uz'га жамоатчилик фикри бўйича ўз муносабатини билдирди. У журналистнинг “Давлат бюджетида жиддий тақчиллик кузатилаётган бир пайтда “Овоз” ва “Боболарим” каби лойиҳаларга миллиардлаб маблағ ажратилиши қанчалик тўғри деб ўйлайсиз?” деган саволига жавоб қайтарди.

Биринчидан, мана шундай муҳокамалар кимгадир керак бўляпти, бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ, яъни бунинг буюртмачиси бор. Чунки Маданият вазирлиги “Овоз” лойиҳаси учун 2 млрд [сўм] ишлатаётгани… “Овоз” лойиҳасининг [франшизасини сотиб олиш] неча сўм туришини ўрганинглар олдин. Ўзи у неча пул туради, қайси давлат неча пул сарфлаб, уни [мамлакатга] олиб кирган? Тарихини ҳам бир ўрганинглар. Бошқа давлатларда бу лойиҳа учун кетаётган харажатнинг ўндан бири ҳам эмас биз ишлатаётган харажат. Нима учун [маблағ] тикяпмиз? Чунки шунақа имкон бўлиб қолди. Тез бу [лойиҳа]ни олиб келиш ва ўша пул эвазига Ўзбекистонга кириш имкони бўлиб қолди, лекин бундай имконият кейинги йил бўлмаслиги мумкин эди”, – деди Назарбеков.

Унинг фикрича, “Овоз” лойиҳасига у 2 млрд сўмга арзийдими ёки йўқми, деган нуқтайи назар билан қараш керак.

Гап пул бор ё йўқлигида эмас. Лойиҳа шу нархга арзийдими, деган савол билан мурожаат қилсаларингиз, ўн баравар кўпроғига ҳам арзийди, деган жавоб чиқади ўзи аслида. Мана шу виждони бор одамга жавоб бўлиши керак. Бу лойиҳа ўзи неча пул туради-ку, бугун Ўзбекистонга неча пулга кирди? Давлат бюджетидан қанча ишлатилаётган бўлган тақдирда ҳам, ўзи неча пул туради у лойиҳа? Шу ҳақда ўйлаб кўрдиларингизми, ҳисоб-китобларингиз борми?” – сўради вазир.

Аслида бу лойиҳанинг нархи қанча туради, деган савол бор? Давлат томонидан хусусий тадбиркорга кўмак бериш мумкин-ку, тўғрими? Хусусий кластерга ҳам мумкин, фақат санъат соҳасида хусусий бўлса, унга мумкинмас, шунақа бўладими? Демак, шунақа жавоб чиқадими? Санъаткор хусусий бўлса, унга [имтиёз] бериш керак эмас, лекин, мисол учун, фермер хусусий бўлса, унга ёрдам бериш керак.

Вазирликнинг 2 млрд сўм тиккани ҳамманинг кўзига кўриняпти. Бугунги кунда бизнес нуқтайи назаридан тадбиркорларга қанча-қанча субсидиялар, имтиёзли кредитлар бериляпти. Бизнинг ҳам санъат йўналишидаги тадбиркорларни, санъаткорларни қўллаб-қувватлашимиз мана шу нормага тушадими ё тушмайдими? Бошқа йўналишларда давлат тадбиркорларга елка тутяпти. Маданият соҳасида ҳам елка тутиш мумкинми? Фақат бизники кўриняпти [оммага], бошқа ҳамма соҳага давлат ёрдам берса, у ҳеч нарса эмас. Лекин санъаткорга ёрдам берса, унга берма дейди [жамоатчилик]. Бу гапда қанчалик адолат бор?” – деди Маданият вазирлиги раҳбари.

“Ўзи нега давлат бунга пул сарфлаяпти?”

BBC журналисти Ибрат Сафо Facebook'даги саҳифасида ушбу лойиҳага давлат пул тикиши хато экани, бошқа мамлакатларда “Овоз” лойиҳаси учун давлат эмас, телеканалларнинг ўзи маблағ сарфлашини ёзди.

Қайси давлат? Қаерда? Нега ўзи давлат бунга пул сарфлаяпти? “Овоз” кўрсатуви ҳеч қаерда давлат даражасидаги стратегик лойиҳа эмас. У аввалига Голландияда чиққан, сўнг 60дан ошиқ бошқа давлатлардаги каналлар ўз чўнтакларидан пул сарфлаб сотиб олишган. Британияда олдин ITV канали сотиб олди, сўнг BBC. Америкада NBC, Испанияда Antena 3, сўнгTelecinco. Қанақа давлат? Каналларнинг ўзлари уни сотиб олади – бу бозор иқтисоди дейилади. Масалан, Испанияда, тасаввур қилинг Хулио Иглесиас – маданият вазири ва бир канал “Сеньор Иглесиас, 2 млрд евро билан шуни оберинг” деб боряпти. Буни тасаввур ҳам қилиш қийин. Давлат жунига каналлар жуни аралашмайди. Нега Ўзбекистонда давлат, яъни шундоқ ҳам дефицит бюджетдан қайсидир хусусий канал лойиҳаси учун пул сарфланяпти? Zo‘r TV зўр бўлса, ўз пулидан сотиб олиши керакмасми?” дейди журналист.

Эфир хусусий телеканалга тегишли

Овоз” лойиҳаси ҳар шанба куни Zo’r TVʼда эфирга узатилмоқда. Давомийлиги 2 соатни ташкил этади. Унда тахминан 3-5 дақиқадан 6-7 марталик реклама вақти бор. 2022 йилдаги маълумотларга кўра, телеканалда 1 минутлик реклама нархи ҚҚС билан 92 млн сўмни ташкил қилган. Zo’r TV’да ишловчи манбанинг сўзларига кўра, айни пайтда лойиҳага ҳомийлик 1 млрд сўмни ташкил этади. Реклама нархини эфир вақти ва кўрсатув рейтингидан келиб чиқиб, Kontar Media агентлиги белгилайди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 4 ойида давлат бюджети дефицити 25 трлн сўмдан ошган. Бунинг ортидан ташқи қарз жалб қилиш янада фаоллашди.

Мавзуга оид