Эл-Нинё иқлим ҳодисаси якунланди, аммо оқибатлари давом этмоқда
Олимлар иқлим ўзгариши оқибатлари туфайли янги ҳарорат рекордлари бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
2023-2024 йиллардаги Эл-Нинё иқлим ҳодисаси якунланди, аммо июл ойининг ўрталарига қадар глобал иқлимга таъсир қилиб, об-ҳавони иситишда давом этади.
Бу ҳақда Туркиянинг Бўғозижи университети қошидаги Иқлим ўзгариши ва сиёсати тадқиқот маркази директори, профессор Левент Курназ маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу даврда дунёда Эл-Нинё таъсири туфайли ҳарорат рекордларининг янги тўлқини кузатилиши мумкин.
«АҚШ Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари агентлиги (NOAA) маълумотларига кўра, 2023 йилда ер юзасининг ўртача ҳарорати бутун ХХ асрдаги ўртача кўрсаткичдан 1,18 даража юқори бўлди. XX асрда сайёрамизнинг ўртача ҳарорати тахминан 13,9 даража эди. 2016 йилда бу фарқ 0,15 даражани ташкил қилди», деди у.
Олимларнинг фикрига кўра, иссиқхона газлари эмиссиясидан ташқари, Эл-Нинё феномени ўтган йили глобал ҳароратнинг ошишига катта ҳисса қўшган.
Австралия метеорология бюроси маълумотларига кўра, 2023 йил июн ойида Эл-Нинёнинг бошланиши ва 2024 йил апрел ўрталарида тугаши оралиғида 248 кунлик рекорд иссиқлик кузатилди.
Левент Курназ сўзларига кўра, Перу қирғоқларида Эл Нинё фаоллиги пасайган. Шу билан бирга, у ҳозирги ҳодиса ҳали ҳам 1998 ва 2016 йиллардаги «супер Эл-Нинё»дан заифроқ эканини таъкидлади.
Профессор глобал исиш туфайли ёз узоқроқ ва иссиқроқ, қиш эса қисқароқ ва иссиқроқ бўлиб бораётганини таъкидлади.
«Бугун қиш тугаши ва баҳор қачон бошланиши ёки куз тугаши ва қиш қачон бошланиши аниқ эмас. Ёзги мавсумга ўтиш даврида ҳам худди шундай манзара кузатилмоқда», деди у.
«Эл-Нинё» (испанча – болакай) об-ҳаво феномени ўртача 2-7 йилда бир марта содир бўлади ва одатда 9 ойдан 12 ойгача давом этади. Бу Тинч океани марказий ва шарқий тропикларида сув юзасидаги ҳароратнинг кўтарилиши билан боғлиқ иқлим режими ҳисобланади. Аммо бу инсон фаолияти натижасида ўзгарган иқлим шароитида ҳам содир бўлади.
Мавзуга оид
11:46
15 ноябр куни айрим ҳудудларда ҳарорат 17 даражагача кўтарилади
10:27 / 13.11.2024
14 ноябр куни ёғингарчилик кутилмайди, туман тушиши мумкин
10:23 / 12.11.2024
13 ноябр куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади
15:45 / 11.11.2024