Ўзбекистон | 17:25 / 28.05.2024
15434
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Россия билан армияни қайта қуроллантириш дастурини муҳокама қилмоқда

Ўзбекистон Россия билан ҳарбий ҳаво кучлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва қуруқликдаги қўшинларни қайта қуроллантириш дастури бўйича шартнома тузишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда РФ Ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича федерал хизмати раҳбари Дмитрий Шугаев маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Қайта қуроллантириш дастури бўйича битим тузиш кун тартибида турибди. Қандай бўлмасин, бу, шубҳасиз, ҳам ҳаво кучлари, ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа, ва қуруқликдаги кучларнинг техникаларига тааллуқли бўлади. Бу жуда кенг ассортимент. Муҳокама қилиб, такомиллаштириб, ҳамкасбларимизга кўмак берамиз”, – деган Шугаевнинг сўзларини келтирмоқда “Интерфакс”.

Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин 26 майдан буён давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Музокаралар якунида икки давлат раҳбарлари қабул қилган қўшма баёнотда, ҳарбий соҳадаги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фавқулодда вазиятлар идоралари ўртасидаги ҳамкорликка аҳамият қаратишда давом этилиши таъкидланган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига кўра, Россия Ўзбекистон Қуролли Кучларига қурол ва ҳарбий техника етказиб бериш бўйича энг йирик шерик ҳисобланади.

Мавзуга оид