Ўзбекистон | 19:02 / 01.06.2024
11374
4 дақиқада ўқилади

“Тарихий филм суратга олиш шунчаки ижодий жараён эмас, бу бутун бошли саноат” – “Ялангтўш Баҳодир” филми ҳақида катта суҳбат

Амир Баҳодир Ялангтўш – давлатчилигимиз тарихида Ўзбекистон рамзларидан бири сифатида кўриладиган Регистон ансамбли асосчиси ҳисобланади. Ўзининг қатъийлиги, ҳарбий прагматизми билан ажралиб турган саркарданинг санъатга, меъморчиликка муҳаббати юксак бўлган. Бироқ халқимиз ўз қаҳрамонларини бугун деярли танимайди. Куни кеча премераси бўлиб ўтган “Баҳодир Ялангтўш” тарихий филмининг асосий миссияси ҳам халққа ўз қаҳрамонларини қайтаришдир. 

Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов Kun.uz билан суҳбатда ушбу филмнинг аҳамияти, ўзбек киносаноати учун янгилик бўлган асосий томонлари, суратга олиш жараёнларидаги машаққат хусусида гапириб берди. 

Муаллифга кўра, филмни суратга олишга 3 йилдан ортиқ вақт кетган. Энг оғир ва қийин босқич – сценарий ёзиш бўлган. Биз тарихчилар, олимлар, қадимшунослар билан жиддий баҳсга киришдик. Ижод ва фан томонлама кескин мунозаралар бўлди, охирида қийинчилик билан сценарий ёзишни якунладик, дейди режиссёр Аҳмедов.

Унинг қўшимча қилишича, филм, аввало, миллат бирлиги хусусида. Тарихий шахс Баҳодир Ялангтўшнинг умр йўли, синовли ҳаёти ва ҳар қандай ҳолатда ҳам юрт манфаатини биринчи ўринга қўйишини кўрсатиш – ижодий жамоа олдида турган вазифа эди. 

Филм ўзбек киночилик саноати тарихида қолиши учун сабаблар етарли. Биринчидан, суратга олиш ишлари тўлиқ “Ўзбекфилм” павильонида бўлиб ўтган, кўчага чиқилмаган. Иккинчидан, жаҳон кино саноатини жиддий таҳлил қилиш, ўрганишлардан кейин Ўзбекистонда аналоги йўқ янги панорамали виртуал павильон қурилган. Учинчидан, қўшни давлатлардан актёрлар ҳамда каскадёрлар жамоаси таклиф қилинган. Тўртинчидан, филмни суратга олиш жараёнида бирорта эски костюм ва либослардан фойдаланилмаган, тўлиқ янги тиктирилган. 

Тарихий кино, сериал, филмларни тасвирга олишда яна бир қийин босқич бу – реалликни сақлаб қолиш ва ижод интеграцияси. Чунки фақат тарихда бўлган воқеа-ҳодисани кўрсатиш билан қизиқ, томошабинни ўзига торта оладиган ижод намуналарини яратиб бўлмайди. Тўқима воқеалар, образлар, саҳналар, албатта, қўшилади. Режиссёр Аҳмедов суҳбат давомида “Баҳодир Ялангтўш”даги тўқима образларга алоҳида тўхталди. Қайси мақсадда бу образлар ўйлаб топилгани ҳам очиқланди. 

Бироқ ижодий жамоа фильм суратга олиш бошланганида бунга тайёр бўлмаган. Ҳам малака, ҳам билим, ҳам тажриба, ҳам жасорат керак бўлган. Аввало, тўла таркибда шу йўналишдаги филмлар кўриб, ўрганилган. Кейин эса бутун жамоага айнан миллат қаҳрамонини кўрсатишдек оғир миссия топширилгани тушунтирилган.

“Жараёнда сценарий ёзиш қанчалик қийин бўлса, актёрларни танлаб олиш, уларни ўз ролларига тасдиқлаш ҳам худди шундай қийин босқичлардан бири. Баҳодир Ялангтўш ролини ижро этувчи актёрни 20 дан ортиқ таниқли, ўз номига эга ижодкорлар ичидан танлаб олдик. Лекин кастингда танланмади, дегани – улар ёмон актёрлар, дегани эмас”, дейди Жаҳонгир Аҳмедов. 

Бундан ташқари, режиссёр суҳбат давомида киночиликдаги муаммоларга ҳам тўхталди. Аввало, кадрлар масаласи бирламчи муаммо. Бундан ташқари, каскадёрлик мактабининг ўлик ҳолда экани, тарихий филмларга либос тикувчи бирор дизайнер ёки корхонанинг йўқлиги, ўз ишининг устаси ҳисобланган техниклар, рассомлар, дизайн усталарининг камлиги – филм олишда яққол сезилган. Бир филм олинса, иккинчиси учун ишлашга одам қолмайди, дейди Аҳмедов. 

Халқимиз узоқ ишланган ижод намуналарини, филмларни кинотеатрларда кўриши керак. Ижодкорларнинг меҳнатини ҳурмат қилишни, сарфланган харажат ортга қайтиши учун уни қўллаб-қувватлашни, тарқаб кетган версияларни бойкот қилишни билиши керак, дея қўшимча қилди режиссёр ўз сўзини якунларкан. 

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид