Жаҳон | 20:48 / 01.06.2024
7620
2 дақиқада ўқилади

Туркия Исроил жиноятларига қарши чора кўрган ягона давлатдир — Эрдўған

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроилнинг Ғазо секторидаги қатлиомини яна бир бор қоралади.

Фото: Anadolu Agency

Туркия 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида давом этаётган қирғинларга энг кучли реакция кўрсатибгина қолмай, қон тўкилишини тўхтатиш учун ҳам аниқ чоралар кўрган ягона давлатдир. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 1 июн куни Анқарада ўтган ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси мажлисида айтиб ўтди.

Давлат раҳбари Туркия ҳукумати Исроил расмийларининг жиноятларини қоралаш билан чекланиб қолмаганини, балки анклавнинг юз минглаб аҳолиси уқубатларига чек қўйиш учун барча имкониятларни ишга солаётганини таъкидлади.

Эрдўған Туркия Исроил билан аввалига 54 турдаги товарлар, кейин эса қолган барча товарлар бўйича савдони тўхтатганини эслатди. Туркиянинг Ғазо сектори аҳолисига юборган гуманитар ёрдамининг умумий ҳажми 55 минг тоннадан ошди, деди президент.

«Туркия ўз ватанини ҳимоя қилган жасур Фаластин халқи билан доим бирга туради. Ёлғиз қолсак ҳам, бунинг учун зарар кўрсак ҳам ўз виждонли, муносиб ва мард позициямиздан воз кечмаймиз», деди давлат раҳбари.

Туркия президенти ҳукмрон ва мухолиф партияларга Фаластин курашини қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорлик билдириб, парламентнинг Исроилни Рафаҳда уюштирган қирғинларини қоралаб, бир овоздан қабул қилган резолюциясини олқишлади. «Шахсан ўзим ва турк халқи номидан сизга миннатдорчилик билдираман», деб таъкидлади президент.

Мавзуга оид