Жаҳон | 10:36 / 01.06.2024
3988
4 дақиқада ўқилади

Украина ва Россия феврал ойидан бери биринчи марта асирларни алмашди

Киев 75 нафар Украина фуқаросини Россия асирлигидан қайтаришга муваффақ бўлди. Россия Қуролли кучлари таркибида Украинага ҳужум пайтида асирга олинган 75 киши ҳам Россияга топширилди. Томонлар ўлганларнинг жасадларини ҳам алмашган.

Фото: Reuters

Украина ва Россия жорий йилнинг феврал ойидан бери биринчи асирлар алмашинувини амалга оширди: ҳар бир мамлакатнинг 75 нафар фуқароси ватанига қайтди. Бу ҳақда ҳар икки томон 31 май, жума куни маълум қилди. Россия Мудофаа вазирлиги ўзининг Telegram-каналида ёзганидек, «асирликда ўлим хавфига дуч келган 75 нафар россиялик ҳарбий» Россияга қайтарилди. Улар «Россия Мудофаа вазирлигининг тиббиёт муассасаларида даволаниш ва реабилитациядан ўтиш учун» ҳарбий транспорт самолётларида Москвага етказилади», дейилади хабарда. Департамент алмашинувга яна Бирлашган Араб Амирликлари воситачилик қилганини таъкидлади.

Президент Володимир Зеленский Украина фуқароларининг қайтиши ҳақида ёзди. «Бугун бизда муҳим натижа бор: Украина Қуролли кучлари ва Миллий гвардияси аскарлари, чегарачилар, тўрт нафар тинч аҳоли вакиллари – жами 75 киши Украинага қайтди», — деб ёзди у Telegram’да.

Украина Олий радасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец Facebook’да Украина «барча фуқароларини ўз ватанларига қайтариш ниятини тасдиқлайди ва бу йўналишда ишламоқда», деб ёзди. Унинг аниқлик киритишича, кечаги алмашинувни ҳисобга олган ҳолда, Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан бери 3210 нафар украиналик ватанига қайтган. Лубинец, шунингдек, 2022 йилда бошқа «Азовстал» ҳимоячилари билан бирга рус қўшинлари томонидан қўлга олинган болалардан бири ва онаси ўртасидаги учрашув видеосини ҳам эълон қилди. 

Охирги марта томонлар 8 феврал куни асирларни алмашган: ўша куни «100 га 100» формуласи бўйича алмашиш бўлиб ўтди. Жараён, Россия Мудофаа вазирлиги таъкидлаганидек, БАА воситачилигида амалга оширилган.

Россия ва Украина ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадларини ҳам алмашди 

Украина билан алмашинув доирасида Россия томони 45 нафар россиялик ҳарбий хизматчиларнинг жасадини қабул қилди, деди Давлат думаси депутати Шамсаил Саралиев РБК агентлигига. Ўз навбатида, Украина ҳарбий асирларни даволаш бўйича штаби 212 ҳалок бўлганларнинг жасадлари Украинага қайтарилгани ҳақида хабар берди «Ўлган ҳарбий хизматчиларнинг жасадларини топшириш Женева конвенциялари нормаларига мувофиқ амалга оширилади», дейилади баёнотда. Суд-тиббий экспертизаси орқали шахс аниқлангач, жасадлар дафн этиш учун қурбонларнинг яқинларига топширилади. 

Аввалги марта Саралиев шу каби алмашинув ҳақида апрел ойида хабар берган эди. Ўшанда Москвага 23 нафар, Киевга эса 99 нафар ҳалок бўлган аскарнинг жасади қайтарилди, дея аниқлик киритмоқда РБК.

Рим папаси март ойида Москва ва Киевни барча асирларни алмашишга чақирди

Рим папаси Франциск 31 март куни «Шаҳар ва дунёга» ҳар йилги пасха байрами муносабати билан мурожаатида Россия ва Украинани «ҳаммани ҳаммага» формуласидан фойдаланган ҳолда асирларни алмашишга чақирди. «Халқаро ҳуқуқ тамойилларига риоя этишни талаб қилиб, мен Россия ва Украина ўртасидаги барча асирларни умумий алмашишга чақираман: ҳаммани ҳаммага», деди понтифик. 

Ой бошида папа «вазиятга қарайдиган, халқни ўйлайдиган, оқ байроқ кўтариб, музокаралар олиб боришга журъат эта оладиган» инсонни энг кучли деб билишини айтган эди. Унинг сўзлари Украина ва Европа сиёсатчилари орасида танқидларга сабаб бўлди. Кейинчалик Францискнинг вакили кардинал Петро Паролин, биринчи навбатда, Россия тажовузни тўхтатиши кераклигини таъкидлади. 

Мавзуга оид