Ўзбекистон | 18:25 / 03.06.2024
7628
1 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ҳокимининг туризм бўйича ўринбосари ишдан олинди

Президент туризм бўйича ташаббуслар билан чиқмаётган Тошкент шаҳри ҳокимлигини танқид қилди. Ҳокимнинг туризм соҳасига масъул ўринбосари, бу лавозимда 3 йилдан буён ишлаб келаётган Фахриддин Давруков лавозимидан озод этилди. Бош вазирга туризм бўйича ҳар бир ҳоким ўринбосари ишига баҳо бериш топширилди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳри ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари Фахриддин Давруков лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда туризм соҳаси бўйича президент ўтказаётган йиғилишда маълум қилинди.

“Охирги йилларда пойтахтда Тошкент сити, Тошкент молл, Magic City каби туризм масканлари барпо этилди. Бу мажмуаларга йилига 4 миллиондан зиёд одам ташриф буюряпти, уларнинг 35 фоизидан кўпи хорижий туристлар.

Лекин пойтахт ҳокимлиги ўз ташаббуси билан янги таклифлар билан чиқмаётгани танқид қилинди.

Шу боис Тошкент шаҳри ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари Ф.Давруков лавозимидан озод этилди. Бош вазирга туризм бўйича ҳар бир ҳоким ўринбосари ишига баҳо бериш топширилди”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Фахриддин Давруков лавозимга 2021 йил апрел ойида тайинланган эди. Бунгача у туризм қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаганди.

Мавзуга оид