Иқтисодиёт | 20:38 / 04.06.2024
14966
7 дақиқада ўқилади

Кафолатланмаган корпоратив қарзларни қайтариш Ўзбекистон ҳукуматининг зиммасига тушиб қолиши хавфи бор — S&P

S&P халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “BB-” (барқарор кутилма) даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Агентликка кўра, ҳукуматнинг ликвид активлари миқдори 2017-2023 йиллар оралиғида ЯИМнинг 37 фоизидан 13 фоизигача қисқариб кетган. Ташқи қарзлар миқдори эса аввалги прогнозларга қараганда тезроқ ошиши кутиляпти.

Фото: Kun.uz

31 май куни S&P халқаро кредит рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

Агентлик Ўзбекистон суверен кредит рейтингини “BB-” (барқарор кутилма) даражасида сақлаб қолди.

S&P Global Ratings қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратган:

  • 2024-2027 йилларда иқтисодий ўсиш ўртача 5,2 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган. Бу ўтган йилги 6 фоизлик кўрсаткичдан бироз пастроқ. Иқтисодий ва бошқарув ислоҳотлари, жумладан, энергетика тарифларини режали тарзда ошириш мамлакатнинг сармоявий истиқболларини қўллаб-қувватлайди.
  • Қарорлар қабул қилиш марказлашганлигича қолади. Коррупцияни қабул қилиш яхшиланаётганига қарамай, ҳали ҳам юқорилигича қоляпти.
  • Ўзбекистондаги ўсиш инвестициялар ҳисобига бўлмоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич ЯИМга нисбатан қарийб 43 фоизни ташкил этган.
  • Ҳукумат 2023 йил октябр ойидан юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархларини оширганди, 2024 йилнинг май ойидан уй хўжаликлари учун тарифлар ўзгарди. S&P'га кўра, ҳукумат 2027 йилга бориб харажатларни қоплашга эришмоқчи. Шунингдек, электр энергиясини ишлаб чиқаришни диверсификация ва модернизация қилиш режалаштириляпти. Мамлакат 2030 йилгача қайта тикланадиган энергияни 25 минг MW'га етказишни мақсад қилган.
  • Ўзбекистон экспорт базасини мустаҳкамлаш учун мис, олтин, кумуш ва уран ишлаб чиқаришни ҳам кенгайтирмоқда.
  • Ҳукумат санкциялар талабларини бажаришга ҳаракат қилаётганига қарамай, АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россия билан бизнес юритаётган ўзбек компанияларини иккиламчи санкциялар рўйхатига киритиш хатари сақланиб қоляпти.

Ҳукумат бюджет тақчиллигини 2024 йилда ЯИМнинг 4 фоизигача ва 2025 йилда 3 фоизигача пасайишини кутмоқда. S&P фискал консолидация бироз секинроқ бўлишини прогноз қилиб, дефицит 2027 йилга келиб ЯИМнинг 3,2 фоизига етиши мумкинлигини қайд этган.

Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга ажратиладиган юқори харажатлар ва нархлари ўзгарувчан бўлган олтин каби товарларни сотишга боғлиқлик потенциал хавф сифатида келтирилган.

S&P кутилмаларига кўра, давлат ва давлат томонидан кафолатланган қарз 2023 йилдаги ЯИМнинг 40 фоизидан 2027 йилда ЯИМнинг тахминан 46 фоизигача ошиши мумкин. Агентлик давлат сектори корхоналарининг яқинлиги туфайли ҳукумат тарафидан кафолатланган қарзни умумий давлат қарзига қўшган.

“Бизнингча, давлат сектори корхоналари ва давлат хусусий шериклигидаги, ЯИМнинг 8 фоизини ташкил этадиган кафолатланмаган қарзлар ҳукумат балансидаги мажбуриятга айланиши хатари мавжуд. Давлат сектори корхоналари энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун охирги йилларда хорижий валютада қарз олишни кўпайтирди. Улар айрим лойиҳалар кутилганидан кўра муваффақиятсизроқ амалга ошса ёки бошқарув ё назоратда муаммолар пайдо бўлса, ушбу қарзларни сўндиришда қийинчиликларга дуч келишлари мумкин”, дейилади ҳисоботда.

Ҳукуматнинг 2017 йилда ЯИМнинг 37 фоизини ташкил этувчи ликвид активлари 2023 йилда ЯИМнинг 13 фоизигача қисқарган. Мазкур активлар асосан Тикланиш ва тарақииёт жамғармаси(ТТЖ) активларини ўз ичига олади, 2006 йилда ташкил этилган бу жамғарма 2019 йилгача ҳукуматнинг капитал қўйилмалари ва олтин, мис ва газ сотишдан тушган даромадларнинг юқори қисми ҳисобидан молиялаштирилган. S&P ҳукуматнинг ликвид активлари ҳисобига фақат ТТЖнинг ташқи активларини қўшган. Бу – давлат сектори корхоналари ва банклар капитал қўйилмалардан иборат активларнинг ички қисми етарли даражада ноликвидлиги ва зарурият туғилганда қарзга хизмат кўрсатиш учун кам имконли ҳисобланиши билан изоҳланган. ТТЖ активлари 2024 йил 31 март ҳолатига 16,8 млрд долларни ташкил этган, шундан ликвид қисми 6,2 млрд доллар.

Ўзбекистон 2023 йил октябр ойидан Қозоғистондан ўтадиган қувур орқали Россия газини импорт қилишни бошлади ва газнинг соф импортчисига айланди. Маиший истеъмолнинг ошиши билан бир қаторда, Шўртан газ-кимё мажмуаси ва МТО лойиҳалари прогноз даврида газ истеъмоли ва импортини оширади.

2023 йилда умумий экспортининг қарийб 50 фоизи (шундан 42 фоизи олтин) айрим товарлар ҳиссасига тўғри келган. Мутахассислар прогнозларига кўра, қулай олтин нархлари 2024 йилда экспортни оширади, аммо ушбу қимматбаҳо металл баҳоси 2025 йилда унцияси учун 2000 АҚШ долларигача, 2026 йилда 1700 долларгача пасайиши мумкин. Бунда мис ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши ва нархларнинг кўтарилиши йўқотишнинг бир қисмини қоплаши мумкин.

S&P таҳлилчиларига кўра, олтин нархининг пасайиши ва жорий ҳисоб тақчиллигининг давом этаётгани Ўзбекистон валюта захираларини 2027 йилгача қисқартиради. Хусусан, Ўзбекистон Марказий банкининг монетар олтин захиралари умумий фойдаланиш мумкин бўлган захираларнинг 80 фоиздан ортиғини ташкил этади.

“Биз Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси активларини Марказий банк захираларига киритмадик, чунки улар асосан монетар ёки тўлов эҳтиёжлари учун эмас, фискал мақсадлар учун кўзда тутилган. Бизнинг фикримизни ТТЖ ташқи активлари охирги 4 йилда мамлакат иқтисодиёти учун бюджет мақсадларида ишлатиб келинаётгани тасдиқлайди”, дейилади ҳисоботда.

Халқаро экспертлар тарифлар ошишини ҳисобга олган ҳолда, инфляция 2023 йилдаги ўртача 9,1 фоиздан 2024 йил 11 фоизгача ошишини прогноз қилган. 2027 йилга бориб инфляция даражаси 6,5 фоизга тушиши мумкин.

Банк тизимида ҳам умумий активларнинг 67 фоизи давлат банкларига тегишли бўлиб, ҳукуматнинг имтиёзли кредитлаш дастурлари самарадорликка таъсир қилади. 2023 йилда Ипотекабанк хусусийлаштирилгач, расмийлар Асакабанк ва Саноатқурилишбанкни хусусийлаштиришни режалаштиряпти. S&P буни вақт талаб қиладиган қийин вазифа деб ҳисоблайди.

Долларлашув пасайган бўлса-да, 2024 йил 31 март ҳолатига умумий кредитларнинг 43 фоизи, депозитларнинг 30 фоизи ҳамон доллар ҳисобига тўғри келган.

S&P Global Ratings Ўзбекистон учун эҳтимолий салбий ва ижобий сценарийларни келтириб ўтган.

Салбий сценарий

Агар ташқи ва давлат қарзи юқори суръатлар билан ўсишда давом эттириб, фискал ва тўлов баланси билан боғлиқ рискларини оширса ва тегишли лойиҳалардан кутилаётган фойда режалаштирилган тарзда амалга ошмаса, умумий рейтинг пасайтирилиши мумкин.

Ижобий сценарий

Агар ислоҳотлар ўрта муддатли истиқболда кутилганидан тезроқ ўсиш потенциалига эга бўлса ва молиявий ва ташқи позицияларга ижобий таъсир кўрсатса, умумий рейтинг яхшиланиши мумкин.

Мавзуга оид