“Толибон” қанча сув йўқотилишини ҳисобга олмаяпти” – хорижий эксперт Қўштепа канали қурилиши ҳақида
Табиат ресурслари ва иқтисодиёт бўйича халқаро мутахассис Рикс Бошнинг Kun.uz’га маълум қилишича, Афғонистонда қурилаётган Қўштепа каналига Амударё сувининг 20 фоизи жалб этилади, бу эса Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида сув танқислиги даражасини ошириб, қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатади. “Нима бўлганда ҳам бунда Ўзбекистон азият чекиши аниқ”, – дейди у Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
27-29 май кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида иқлим ўзгариши бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиё мамлакатларидан бир қанча расмий вакиллари, журналистлар ҳамда халқаро ташкилотлардан мутахассислар иштирок этди.
Конференция доирасида қатор мавзуларда панел сессиялари ташкил этилди. Худди шу сессиялардан бирида қатнашган табиат ресурслари ва иқтисодиёт бўйича халқаро эксперт Рикс Бош Kun.uz мухбирига “Толибон” ҳукумати томонидан қурилаётган Қўштепа канали ҳамда унинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида гапириб берди.
Рикс Бошнинг айтишича, бу лойиҳанинг Ўзбекистонга салбий таъсири ижобийсидан кўпроқ, унинг реализацияси катта миқдордаги сувнинг исрофига, қишлоқ хўжалигида сув танқислиги ҳамда сув нархининг ошишига олиб келиши мумкин.
“Қўштепа каналининг қурилиши – жуда қизиқ мавзу. Биринчи бўлиб 1950 йилда мазкур лойиҳага инглизлар, кейинроқ руслар қизиқиб, унинг устида ишлаб ҳам кўришганди. Сўнг охирги нуқтада америкаликлар бир “силжитиб кўрмоқчи” бўлишди. Кейин эса буни Афғонистон амалга оширадиган бўлди. Гарчи, уларнинг бунга маблағи мавжуд бўлмаса-да. Канални қуриш муаммо эмас, энг катта муаммо каналдаги йўқотишлар билан боғлиқ.
“Толибон” каналга Амударё сувининг 20 фоизини юборишни режалаштирган. Агар шундай қилинса, Хоразм ва Қорақалпоғистон Амударёдан фойдаланишни 50 фоизга қисқартириши керак бўлади. Бир ўйлаб қараганда, бунга самарадорликни ошириш орқали қисман эришиш мумкин, аммо фермерлар учун яхшигина танқислик юзага келади. Нима бўлганда ҳам бунда Ўзбекистон азият чекади.
Юқорида айтганимдек, канал қуриш осон, суғориш тизимини қуриш эса 10 баробар қийин. Толибон ҳукумати буни қила оладими ёки йўқ, жавоб олиниши керак бўлган энг катта савол ҳам шу. Бу қурилишнинг асосида иншоотларини барпо қилиш методологияси туради. Эшитилиши жуда оддий, яъни шунчаки қазиш керак деб ҳисоблайсиз. Аммо бунда сув миқдорини аниқлаш учун суғориш схемаси жуда аниқ ва батафсил ишлаб чиқилиши керак. Бу эса ўйланганидан анча мураккаброқ.
“Толибон” қийинчиликларга дуч келади, деб ўйлайман. Айтайлик, суғориш учун қаторларда сув очиб қўйилади, ҳар бир қаторга тенг равишда сув тақсимлай олиш жуда қийин. Буларнинг ҳаммасини бошқариш осон эмас, толиблар канал қуришдан кўра, уни ишлата олишига кўпроқ куч сарфлаши керак бўлади. Агар бу тизим ишлаб чиқилмаса, канал бўйлаб камида 30-40 фоиз сув исроф бўлиши мумкин.
Ўзбекистон, Туркманистонда ҳар бир куб сувнинг нархи 1,60 доллардан 1,20-1,30 долларгача ҳисобланади. Лекин асл қиймати 16 доллар, яъни ҳозирги нархидан 10-15 баравар қимматроқ. Юқоридаги лойиҳа сабаб сувнинг нархи янаям кескин ошиши мумкин. Аммо ҳозир сувни асраш бўйича чора-тадбирлар қилиняпти, ўрта бизнес қатлами учун янги лойиҳа ҳам ишлаб чиқиляпти, лекин ҳозирда нархларни ривожлантириш ва ресурсларни бошқариш ўртасида кўприк йўқ”, – дейди Босч.
Шунингдек, Босч Kun.uz мухбирининг давлатлар бу борада нима қилиши керак деган саволига ҳам жавоб берди.
“Бу – осон, аммо жавоб берилиши қийин савол. Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати Афғонистон билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилмоқда, аммо Толибон жуда “қаттиқ”. Афғонистон бу борада Марказий Осиё билан ҳеч қандай келишув қилишни назарда тутмаяпти. Бу лойиҳа аллақачон кўп йиллардан бери режалаштириб келинади, аммо ҳалигача реализация қилингани йўқ. Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги учун платформа яратилмаган, вазирлар музокаралар учун бориб келаверишади, лекин ҳамкорлик учун платформа йўқлиги ишни ортга суради.
Афғонистон билан музокараларни давом эттиравериш керак. Қўштепа каналидаги йўқотишлар айни вақт толибларнинг ундан қанчалик самарали фойдаланиши билан бирламчи боғлиқ эмас. Ўзбекистонда ҳозиргача сувдан унумли фойдаланиш ва сувдан кўпроқ даромад кўриш тизими йўлга қўйилган. Менимча, шу энг муҳими. Энди асосий эътибор самарали сув таъминотига қаратилмоқда”, – деди у.
Маълумот учун, 2022 йил март ойида “Толибон” ҳукумати Афғонистон шимолидаги йирик канал қурилиши лойиҳасини тақдим қилганди. Унга кўра, Балх вилояти ҳудудида Амударёдан бошланадиган Қўштепа канали қурилмоқда.
Бу каналнинг қурилиши ортидан келадига экологик хавфлар ҳақида Kun.uz аввалроқ мутахассислар билан суҳбатлар ҳам ташкил қилганди.
Бир муддат аввал сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда Амударёдан Афғонистон шимоли бўйлаб қазиб борилаётган Қўштепа канали ёқасида сунъий сув омбори юзага келгани кўринганди. “Ўзбеккосмос” канал қирғоғи Амударё сув оқими билан ювиб кетилмаганини ҳамда бу ҳолат сизот сувларининг кўтарилиши оқибатида юз берганини маълум қилганди.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид
17:52 / 07.12.2024
Қирғизистон президенти АҚШ ва Европани «Толибон»ни тан олишга чақирди
23:50 / 29.11.2024
Россия «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқармоқчи. Шойгу Кобулга борди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
22:45 / 02.11.2024