Ўзбекистон | 17:11 / 05.06.2024
7184
2 дақиқада ўқилади

Президент ўзбекистонлик ҳожилар ҳолидан хабар олди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мусулмонлар идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбари муборак Ҳаж зиёратига тайёргарлик жараёнлари, юртдошларимиз учун яратилган шароитлар, уларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради.

Шайх Нуриддин Холиқназар Шавкат Мирзиёевга, аввало, муборак жойларда ибодат файзи билан юрган ҳожиларимизнинг саломи ва дуоларини етказди.

Бу йил ҳам Ҳаж тадбирлари юқори савияда, тартибли ташкил этилгани таъкидланди. Ҳудудлардаги Ҳаж марказлари орқали ишлар уюшқоқлик билан олиб борилди. Вазирлар Маҳкамаси бошчилигида Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа тузилмалар ҳамкорлигида зиёратчилар учун барча шароит яратилди.

Айни пайтда қарийб 12 минг нафар юртдошимиз Саудия Арабистонида бўлиб турибди. Жами 15 минг 130 нафар фуқаро Ҳаж ибодатига муяссар бўлади. Уларга 300 нафар гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, ошпазлар, таржимонлар ва бошқа кўмакчилар ҳамроҳлик қилади.

Бу каби эътибор ва шароитларни арабистонлик мутасаддилар ҳам юқори баҳолаб, Ўзбекистон Президентига ҳурмат ва дуоларини изҳор этмоқдалар.

Бу йилдан бошлаб бир янгилик – Саудия Арабистонида бўлиб турган диний соҳа ходимлари ҳамда қори зиёратчилар томонидан Қуръони каримни хатм қилиш йўлга қўйилди. Ҳозиргача 1 минг 515 та хатм ўқилиб, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилинган.

Давлат раҳбари юртдошларимиз муқаддас Ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, соғ-омон келишларини тилади. Ўзбекистонга қайтгач, ҳожилар жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлишларига умид билдирди.

Суҳбат самимий ва кўтаринки руҳда ўтди.

Мавзуга оид