Меҳнат мигрантларига субсидия ва компенсация ажратиш тартиби эълон қилинди
Xorijda ish меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга тил ўрганиш, «ишчи виза»ни расмийлаштириш, йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун компенсация тўланади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг “Меҳнат мигрантларига субсидия, компенсация ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳани қабул қилиш зарурати қуйидаги омиллар билан асосланган:
- биринчидан, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш истагида бўлган фуқаролар кетишдан олдинги жараёнда маълум молиявий қийинчиликларга учрамоқда;
- иккинчидан, меҳнат бозорини диверсификация қилиш учун Ўзбекистон фуқароларини касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш амалиётини ҳамда уларга касбий (тил) малакани тасдиқловчи халқаро тан олинадиган сертификатларни тақдим этиш заруратини вужудга келтирмоқда;
- учинчидан, хорижда мураккаб шароитга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларидан келиб тушган мурожаатлар сони ошганлигини уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиётини кенгайтиришни тақозо этмоқда.
Лойиҳада Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги компенсация, субсидия ва бошқа бошқа тўловларни ажратилиши назарда тутилган:
- биринчидан, Xorijda ish меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:
- хорижий тиллар ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача миқдорда;
- хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга «ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда;
- йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача миқдорда компенсация тўлаш;
- иккинчидан, суғурта ташкилотларига — «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оила сифатида эътироф этилган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти, шунингдек, бошқа таваккалчиликларини суғурталаш бўйича суғурта мукофотини қоплаш мақсадида ҳар бир суғурталанган фуқаро учун йилига бир марта эллик минг сўмгача миқдорда субсидия тўлаш;
- учинчидан, хорижда меҳнат қилиш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга дучор бўлган ва камситилган, меҳнат ҳамда бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон фуқароларига адвокатнинг, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг хизматлари учун белгиланган тартибда ҳақ тўлаш.
Қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида:
- биринчидан, Ўзбекистон фуқароларини касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш амалиётини самарадорлигини ошириш ҳамда уларга касбий (тил) малакани тасдиқловчи халқаро тан олинадиган сертификатларни тақдим этиш имкониятини яратилади;
- иккинчидан, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқиб кетаётган фуқароларимизнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиёти кенгаяди;
- учинчидан, хорижда мураккаб шароитга тушиб қолган меҳнат мигрантларини молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш кучайтирилади, чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга ва кўмаклашишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.
Мавзуга оид
08:08 / 09.11.2024
Хитой Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари малакасини ошириш марказларини очади
10:50 / 02.11.2024
Росстат РФдаги мигрантлар ҳақидаги статистикани эълон қилишни тўхтатди
14:34 / 30.10.2024
2025 йилда қайси йўналишга қанча субсидия ажратилади?
22:05 / 22.10.2024