Жаҳон | 21:43 / 07.06.2024
20066
7 дақиқада ўқилади

Янги уруш таҳдидими? Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» қарама-қаршилиги хавфли нуқтага етди

Фото: AFP

Ливандаги шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи Исроил жанубида амалга оширилиб, исроиллик бир ҳарбий ўлими ва яна бир қанчаси яраланишига сабаб бўлган ҳужумларнинг янги сериясига алоқадорлигини тасдиқлади. Исроил ўз шимолий чегаралари ҳимояси учун фаол ҳаракатларга ўтишга тайёрлигини маълум қилди.

«Биз шимолда ўта интенсив ҳаракатларга тайёрмиз», — деди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу.

Хусусан, бу Исроил мудофаа армияси Ливан жанубида «хавфсизлик зонаси» ташкил этиш тўғрисида буйруқ олиши мумкин, 2000 йилга қадар ҳам шундай ҳудуд бўлганди. Бу «Ҳизбуллоҳ»ни Исроил чегараларидан узоқлаштиришга ёрдам беради.

Уруш ёқасида

Фото: AFP

Исроиллик ҳарбий экспертлар сўнгги вақтларда Исроил ҳудуди бўйлаб ракета зарбалари, шунингдек дронлар ёрдамида ҳужумлар кузатилаётгани, уларнинг ҳаракатланиш масофаси ҳам ортганига эътибор қаратган.

Исроил ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» арсеналида мамлакат марказига қадар учиб келишга қодир бўлган қуроллар борлигидан хавотирланмоқда.

«Ҳизбуллоҳ»нинг баёнотида сўнгги бир куннинг ўзида гуруҳ Исроилга қарши 10 та амалиёт ўтказгани, хусусан чегара ҳудудидаги шаҳарларга ва исроиллик ҳарбийларнинг жойлашув манзиллари бўйлаб ракета зарбалари йўллангани, Исроилнинг «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа қурилмасига зарба берилгани ҳамда портловчи моддалар ўрнатилган дронлар билан ҳужум қилингани айтилади.

Шунингдек, сўнгги кунларда икки томон ҳам бир-бирини артиллерия воситасида ўққа тута бошлаган.

Исроил матбуоти маълумотига кўра, исроиллик ҳарбийлар орасидаги қурбон ва ярадорлардан ташқари, бир кун олдин Исроил шимолидаги друзлар истиқомат қилувчи Хурфейша қишлоғида яшовчи 11 киши яраланган. Исроил мудофаа армиясига кўра, қишлоқ ҳудудида портловчи қурилмалар ўрнатилган икки дрон қулаган.

«Ҳизбуллоҳ» раҳбарияти исроилликларнинг гуруҳ позицияларига берган зарбаларига жавобан ҳаракат қилаётганини маълум қилган. Хусусан, хабар қилинишича, бир кун олдин Ан-Накуреда гуруҳ аъзоларидан бири ҳалок бўлган.

БМТ пайшанба куни жиддий эскалация хавфи юқори эканини тан олиб, томонларни вазминликка чақирди.

«Ҳаворанг чизиқ» (2000 йилда БМТ Исроил қўшинларини Ливан жанубидан олиб чиқиш доирасида таклиф этган демаркация чизиғи) бўйлаб отишмалар давом этаркан, бош котиб яна бир бор томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақиради. Бу отишмалар минтақа учун ҳалокатли оқибатларга олиб келадиган янада каттароқ можарога сабаб бўлиши мумкин», — деган БМТ вакили Стефан Дюжаррик.

Ливан-Исроил чегарасидаги вазият ўтган йил октябрида, Ҳамас аъзоларининг Исроилга ҳужумидан кейин кескинлашганди, аммо шу вақтга қадар, экспертларнинг сўзларига кўра, бу кескинлашув мўътадил деб таснифланган.

Ҳозир эса икки томон ҳам кенг кўламли уруш босқичига ўтишга тайёр эканини айтмоқда.

Экспертлар фикрича, Ғазо секторида ҳарбий амалиёт ўтказаётган Исроил учун бу бошқа бир фронтда уруш олиб бориш учун мос вақт эмас, аммо унда «Ҳизбуллоҳ»дан фарқли ўлароқ ресурс ва имкониятлар етарли.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳам ҳарбий имкониятлари кичик эмас, аммо уруш 2019 йилдан буён оғир аҳволда қолаётган Ливан иқтисодиёти учун ўнгланмас зарба берган бўларди.

Ёз мавсумида мамлакатга миллионлаб сайёҳлар келишади (асосан, хорижда яшовчи ливанликлар) ва иқтисодиётни миллиардлаб долларлар билан таъминлайди.

Ливанликларнинг аксар қисми, жумладан «Ҳизбуллоҳ» тарафдорлари ҳам туристик мавсумнинг авж палласида вазият кескинлашишига қарши.

Ортга қайтиб бўлмас нуқтами?

Эроннинг Ливанга таъсири жуда кучли. Масалан, мамлакат жанубидаги Ан-Набатия шаҳрида шундай инсталяция пайдо бўлган: исроилликларнинг зарбага учраган ҳарбий йўлтанламас машинаси яқинда авиаҳалокат қурбони бўлган Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг портрети фонида

АҚШ президенти маслаҳатчиси Амос Хохштейн уч босқичли дипломатик келишув режасини таклиф қилмоқда.

Томонлардан чегаранинг ҳар икки томонида кўчирилган одамларга ўз уйларига қайтишга имкон берадиган ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бориши сўралмоқда.

Кейин Вашингтон Ливанга айрим иқтисодий имтиёзлар беришга тайёр бўлади.

Ва учинчи босқичда томонлар 2022 йил денгиз чегараларида бўлгани каби қуруқлик чегаралари демаркациясини ўтказиши мумкин.

Аммо «Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг Ғазодаги амалиёти якунланмагунча ўт очишни тўхтатишга рози эмас.

Исроил қўмондонлиги ҳам Ливан билан чегарадаги вазият дипломатик келишувга эришиш мумкин бўлган нуқтадан аллақачон ўтиб кетган деб ҳисоблайди.

Оқ уй Исроил ҳукумати вакилларининг кайфиятини хавотир билан кузатиб бормоқда ваа Исроил қўшинлари Ливан ҳудудига қуруқликдан бостириб кириши, бу чегара ҳудудлар билан чекланадиган бўлса ҳам, Эроннинг можарога тўғридан тўғри аралашувига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Масалан, Эрон ёрдамида Ливанга Сурия ва Ямандан минглаб жангарилар олиб ўтилиши мумкин.

Можаро рақамларда

Исроилнинг шимолий чегаралари ўз маъносида олов ичида - чегаранинг икки томонида ўзаро зарбалар ва иссиқ туфайли келиб чиққан ёнғинлар авж олмоқда

2023 йил октябридаги эскалациядан буён Исроилнинг чегара яқинидаги аҳоли яшаш манзилларидан мамлакат ичкарисига 60 мингдан ортиқ киши кўчирилган ва ҳамон уйларига қайта олмаяпти.

Дунёда миграция оқимлари ҳисобини юритиш билан шуғулланувчи Organisation for Migration халқаро ташкилоти маълумотига кўра, чегаранинг Ливан томонида тахминан 90 минг киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Жорий йил март ойидаги маълумотга кўра, Исроилнинг Ливан жанубига авиазарбалари оқибатида роппа-роса 320 киши ҳалок бўлган, шундан кўпчилиги «Ҳизбуллоҳ» жангчилари ва командирлари, камида 54 киши эса тинч аҳоли вакиллари бўлишган.

Аммо «Ҳизбуллоҳ» Исроил билан курашда янада кўпроқ жангчиларидан айрилганини айтади.

Исроил томондан ўтган саккиз ой мобайнида камида 10 нафар ҳарбий хизматчи ва тинч аҳоли вакилларидан етти киши ҳалок бўлган. Яна ўн киши жароҳатланган.

«Ҳизбуллоҳ»нинг ўртача зарба бериш масофаси 50 километргача етган.

Шунингдек, «Ҳизбуллоҳ» Исроилга қарши 500 килограммгача портловчи модда олиб учувчи ва модификациясига қараб 800 дан 1200 километргача ҳаракатланувчи «Буркан» ракеталарини ҳам қўлламоқда.

«Буркан» ракеталари Эрон ракетаси асосида ишлаб чиқилган ва Теҳрон ҳомийлигидаги Яман ҳусийчилари томонидан кенг қўлланган.

Портлашлар ва юқори ҳарорат икки томонда ҳам кенг кўламли ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарган. Шу ҳафта бошида исроиллик ўт ўчирувчилар ёнғинни назорат остига олишига 48 соат талаб этилди.

Чегаранинг икки томонида жами юзга яқин ёнғин ўчоқлари қайд этилган.

Мавзуга оид