Жаҳон | 14:52 / 08.06.2024
8503
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Осетияга биринчи марта дронлар ҳужум қилди

Шимолий Осетия расмийларига кўра, дронлар Украина йўналишидан келган. Дронларнинг нишони Моздокдаги ҳарбий аэродром бўлган.

Фото: AP

8 июн, шанба куни эрталаб Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Шимолий Осетия ҳудуди узра «Украина учувчисиз учиш аппаратлари»ни уриб туширди, деб хабар қилди Россия Мудофаа вазирлиги ҳеч қандай қўшимча маълумот бермасдан.

Ўз навбатида, Шимолий Осетия раҳбари Сергей Меняйло Моздокда учта дрон уриб туширилганини айтди. Меняйлонинг сўзларига кўра, дронлар «Украина томондан келган» ва уларнинг нишони ҳарбий аэродром бўлган. Қурбонлар ва вайроналар йўқ, дея таъкидлади у.

Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги жанговар зонадан анча узоқда жойлашган Шимолий Осетияда дронларнинг йўқ қилингани ҳақида хабар бермаган эди. Шу тариқа, Шимолий Осетия ва Украинанинг Запорижжя шаҳри тўғри чизиқда тахминан 900 километрлик масофага эга.

Очиқ маълумотларга кўра, Моздокдаги ҳарбий аэродромда 485-алоҳида вертолёт полки жойлашган. Украина оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, ўтган баҳорда Россия ушбу аэродромдан стратегик самолётларни қабул қилиш ва учириш учун фойдалана бошлаган. 2024 йил 22 апрел ҳолатига кўра, хусусан, олтита Ту-22М3 стратегик бомбардимончи самолёти, тўртта Су-24М/МР самолёти (Су-24М - бомбардимончи, Су-24МР - разведкачи) ва 20 га яқин ҳар хил турдаги вертолётлар мавжуд эди.

Украина дронларининг ҳужумлари

Апрел ойи бошида Украина дронлари Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери биринчи марта Татаристондаги корхоналарга ҳужум қилди. Хусусан, Украина билан чегарадан тахминан 1300 километр узоқликда жойлашган «Алабуга» махсус иқтисодий зонаси ҳужумга учради.

Бунгача Украина дронларининг энг узоқ масофадаги зарбаси жорий йилнинг январ ойида Петербург нефт терминалига қилинган ҳужум деб ҳисобланган - ўшанда дрон Украина билан чегарадан тахминан 900 километр узоқликка учиб борган.

Мавзуга оид