Жамият | 21:45 / 10.06.2024
28121
5 дақиқада ўқилади

“Ўнлаб қўшиқчилар устидан судга ариза киритганмиз” – Авазбек Олимовни судда ютган шоира

Шоира Маҳлиё Аҳророва Kun.uz билан суҳбатда қўшиқчи ва бастакорлардан шеърдан фойдаланишдан олдин унинг муаллифини рози қилишларини сўради. У хонанда Авазбек Олимовни судга беришдан мақсади фақат пул бўлмаганини айтди.

Фото: Flickr

Kun.uz шеърини рухсатисиз қўшиқ қилгани учун хонанда Авазбек Олимовни судга берган шоира Маҳлиё Аҳророва билан боғланди. Шоира суддан 540 миллион сўм эмас, 400 миллион сўм товон пули сўраганини, тарқалган хабарларда товон пули бўрттириб юборилганини айтди.

Шоира хонанда Авазбек Олимов унинг “Гўзал ёрим” шеърини ўзгартириб, “Севар ёрим” номи остида муаллифнинг рухсатисиз ижро этиб келгани устидан судга даъво аризаси киритган эди. Маълум бўлишича, “Гўзал ёрим” шеъри 2009 йилда ёзилган ва “Сўзи гавҳарим” китобида чоп этилган. Олимов шеърни 2015 йилдан ҳозиргача мунтазам равишда номини ўзгартириб, турли давраларда ижро этиб келганини таъкидлаганди.

Маҳлиё Аҳророванинг айтишича, у 2015 йилда Туркияга ўқишга кетиб, ҳозиргача Истанбулда яшаб келади. У Авазбек Олимовни орадан 10 йил вақт ўтиб нега энди судга берганини шундай изоҳлади.

Туркияда ҳам ишлаб юрганим учун Ўзбекистон телеканаллари, қўшиқларини эшитиб юришга вақтим ҳам, имконим ҳам йўқ. Ҳозир чақалоғим бор, Ўзбекистонга келганмиз. Шу ердалигимда Интеллектуал мулк агентлиги юридик вакили Дилшод Хўжанов билан маслаҳатлашдик. Яқинда Юлдуз Усмонова ва бир шоир ўртасида бўлиб ўтган суд кенг ёйилганди. Бу бўйича қонунлар ишлаётганини айтганларидан кейин биз ҳам судга даъво аризаси киритишга қарор қилдик”, – деди у.

Маълумот учун, 2021 йилда Юлдуз Усмонова “Хаста бўлма” шеърини унинг муаллифи шоир Йўлчи Рўзиев билан келишмасдан қўшиқ қилиб куйлаб келгани учун 185 миллион сўм товон пули тўлаши белгиланган эди.

Аҳророванинг айтишича, унинг кўплаб шеърлари бошқа хонандалар томонидан ҳам рухсатсиз қўшиқ қилинган. Айни дамда улар бўйича судга ариза киритилган.

Талабалик давримда шеърлар китобим нашрдан чиққан эди. Ўшанда китобни хурсандчилик учун тарқатганман. У пайтлари бастакорларга мусиқага ҳам шеърлар ёзиб берар эдим. Ўшанда кейин китобимни бастакорлар олиб, шеърларини қўшиқчилар билан келишиб, қўшиқ қилиб эфирга чиқариб юборишган”, – деди у.

Шоиранинг айтишича, қўшиқ телеканалларда тарқалиб кетганда унинг оила аъзолари қўшиқ ижодкорлари билан боғланиб, қўшиқ муаллифи хато кўрсатилгани ва шеър учун рухсат олинмаганини айтган. Лекин бунга эътибор қилинмаган.

Суд жараёни ҳақидаги хабарларнинг изоҳлар қисмида одамлар негатив фикрларни кўп билдиришган. Лекин бу воқеа бировнинг уйига кириб, нарсасини сўроқсиз олиб кетиш, ўғрилик билан тенглигига эътибор қаратмаётганлар ҳам бор. Шеърни олаётганда ҳеч бўлмаганда ҳурмат юзасидан ҳам рухсат сўраш керак”, – дейди у.

Маҳлиё Аҳророва Авазбек Олимовдан 200 миллион сўм моддий ва худди шунча маънавий зарар сўраганини ва суд қароридан рози эканини, мақсади пул бўлмаганини айтади.

Менинг дардим пул эмас эди. Ўзимга етарли ишим, бизнесим бор. Интеллектуал мулк агентлигига ариза билан чиққанимиздан кейин Авазбек Олимов биз билан боғланиб қизиқиб кўриб, узр сўраса, гаплашиб олишимиз ҳам мумкин эди. Ҳозир ҳам кўпчиликка шеър ёзиб бераман. Ҳатто текинга ҳам ёзиб берган вақтларим бўлади. Агар ҳурматсизлик қилиб, сиздан рухсат сўрамай ўзлаштиришса, сўзларини сиздан сўроқсиз ўзгартиришса, қонун йўли билан ҳаққини талаб қилиш керак”, – деди у.

Шунингдек, у қўшиқ орқасидан келаётган даромадда бастакор ва шоиранинг ҳаққи борлигини унутмаслик кераклигини эслатди.

Хонандаларга айтадиган гапим шу, бировнинг меҳнати ёқса, ундан фойдаланишни хоҳлаяпсизми, заҳмат чекиб бу шеърни ким ёзган экан деб қизиқиб кўринг. Битта қўшиқ билан машҳур бўлиб кетган қўшиқчилар бор. Сиз шу билан репертуарингизни бойитиб, давраларда айтиб, ризқингизни топяпсиз. Шоирларнинг ризқи эса шеърларида. Устанинг пешонасидаги тери қуримасдан ҳаққини рози қилиш керак деган гап бор. Биз ҳам устанинг ўрнидамиз”, – деди у. 

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди. 

Мавзуга оид