Жаҳон | 10:38 / 11.06.2024
5376
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Мексика чегарасида собиқ иттифоқ давлатларидан борган нолегал мигрантлар устидан махсус назорат жорий қилди

АҚШ ҳукумати Мексика чегарасида ушланган Россия ва собиқ иттифоқнинг беш республикасидан борган нолегал мигрантларни дарҳол мамлакатдан чиқариб юборишни бошлайди. Бу ҳақда The New York Post газетаси ёзмоқда.

АҚШ чегарасидаги ноқонуний мигрантлар. Фото: media.cnn.com

Газета ихтиёрига келиб тушган меморандумдаги маълумотларга кўра, Калифорниядаги чегара хизматлари ходимлари юздан ортиқ давлатлардан келган нолегал мигрантларни мамлакатга монеликсиз киритиш тўғрисида буйруқ олишган. Бироқ, бу Россия, Ўзбекистон ва бошқа айрим собиқ иттифоқ давлатлари фуқароларига тааллуқли эмас.

Истисно Россия, Ўзбекистон, Гуржистон, Молдова, Қирғизистон ва Тожикистондан келган мигрантларга нисбатан қўлланилади. Бу мамлакат фуқаролари чегарани ноқонуний кесиб ўтиш жаранида зудлик билан депортация қилинади. Бироқ, АҚШ ҳукумати ёш болалар, ўғирлаб кетиш қурбонлари бўлганлар, шунингдек таҳдид остида қолганлар ва тиббий ёрдамга муҳтож инсонларни киритади.

Буйруқ Мексиканинг Тихуана шаҳри ҳамда Калифорния штатидаги Сан Диего округи маъмурий маркази яқинидаги чегара учун тааллуқли. Бу манзил айни пайтда чегарани ноқонуний кесиб ўтишда энг зич ҳудуд ҳисобланади.

Жорий йилда Америка ҳукумати Россиядан мисли кўрилмаган мигрантлар оқимига рўбарў келишмоқда. 2023 молия йилида (у 2022 йилнинг 1 октябрида бошланган) Америка суд тизимига русийзабонлардан бошпана тақдим этиш тўғрисида 41 минг 465 та иш келиб тушган, деб хабар берган расмий статистикага асосланиб иммиграция масалалари бўйича адвокат Татяна Эдвардс-Беҳар. Ўтган ярим йил ичида келиб чиқиши Россиядан бўлган фуқаролардан тушган сўровлар сони бутун ўтган йилникидан ҳам ошиб кетган ва сўнгги 10 йил ичида рекорд натижани қайд этган — 19 минг 49 та  кейс. Украинадаги урушгача бўлган даврга нисбатан АҚШдан бошпана сўраш тўғрисидаги сўровлар сони 1500 фоизга ошган: масалан, 2021 йилда Америка судларига 2537 та шундай иш келиб тушган эди. Бу 2023 йилдагига нисбатан 16,3 мартага камроқ.

Мавзуга оид