Жаҳон | 15:22 / 11.06.2024
3174
5 дақиқада ўқилади

Bloomberg: ЕИ Украина орқали Озарбойжондан газ олиш имконини муҳокама қилмоқда

Украина орқали газ транзитини сақлаб қолиш вариантларидан бири уни Озарбойжондан сотиб олиш ва мавжуд инфратузилма орқали кейинги ўтказиш бўлиши мумкин, деб ёзади Bloomberg.

Фото: Imago/Zuma

Европа Иттифоқи расмийлари 2025 йилда Россия-Украина асосий қувури орқали газ олишни давом эттириш бўйича музокаралар ўтказмоқда. Бу ҳақда 10 июн, душанба куни манбаларга таяниб, Bloomberg агентлиги хабар берди

Қайд этилишича, муҳокама қилинаётган вариантлардан бири Европа компанияларининг Озарбойжондан газ сотиб олиши ва уни Европага йўналтирилган Россия қувурларига ўтказишдир. «Бундай келишув Европага Москванинг даромадларини қисқартиришга уринаётган бир пайтда, Россия газини сотиб олишдан тийилиш имкон беради», деб таъкидлайди Bloomberg. 

Бу истиқбол Украина учун фойдали бўлиши билан ҳам қўллаб-қувватланяпти, дея давом этади журналистлар. Уларга кўра, 2021 йилда Украинага газ транзитидан тушган даромад қарийб 1 миллиард долларни ташкил этди ва бу урушдан зарар кўрган иқтисодиётни молиялаштириш имконини берди. Бундан ташқари, фойдаланилмаётган қувурлар ҳарбий нишонга айланиши ёки яроқсиз ҳолга келиши мумкинлигидан хавотирлар бор, бу эса уларни тиклаш учун катта харажатларни талаб қилади, деб ёзади нашр. 

Хабар эълон қилинган вақтда Озарбойжон давлат компанияси Socar Bloomberg’га бундай режалар юзасидан изоҳ бермади. Россия ҳукумати ва «Газпром» ҳам журналистларнинг сўровларига жавоб тақдим этмади. 

Россия Озарбойжон гази Украина орқали ўтишидан фойда кўради 

«Озарбойжон газидан фойдаланиш билан боғлиқ режа, агар у своп (турли активларни маълум вақтдан кейин қайтариш шарти билан айирбошлаш бўйича биржадан ташқари битим) сифатида расмийлаштирилса, Россия учун назарий жиҳатдан фойдали бўлиши мумкин. Бу Москвага ўз газини бошқа давлатга жўнатиш имконини беради, - деб ёзади Bloomberg. - Россия етарли миқдорда янги ёнилғи истеъмолчиларини топиш учун кўп ҳаракат қилишига тўғри келди, чунки унинг инфратузилмаси Европага етказиб бериш учун мўлжалланган, Хитой эса қаттиқ музокаралар олиб бормоқда». «Своплар ғояси нефт-газ бозорлари учун бегона эмас ва ёнилғини бир жойдан бошқа жойга жисмонан етказиб беришнинг иложи бўлмаганда қўлланади, - дейилади мақолада. - Озарбойжон аллақачон ўз газ қувурларидан Европани таъминлаш учун тўлиқ қувватда фойдаланмоқда».

Bloomberg маълумотларига кўра, ҳали эрта босқичда бўлган тегишли музокаралар натижаларини 2024 йил охирига яқинроқ кутиш керак - ўшанда «Украина билан транзит бўйича шартноманинг амал қилиш муддати яқинлашаётгани фонида босим кучаяди».

«Кўп тафсилотларга ойдинлик киритилиши керак ва бу келишув амалга ошиши факт эмас. Фронтдаги воқеалар ривожи ҳам муҳим омилга айланиши мумкин», - дейди журналистлар. 

Келишувнинг эҳтимолий иштирокчилари 

Муҳокама иштирокчиларидан бири, маълумотларга кўра, Германиянинг Uniper SE энергетика концерни бўлиб, у 2022 йил ёзида Россия Федерациясидан газ етказиб бериш камайганидан кейин банкрот бўлишига йўл қўймаслик учун Германия ҳукумати томонидан миллийлаштирилган. Концерннинг ўзи эса вазият ҳақида изоҳ беришдан бош тортди. 

Шу билан бирга, жорий йилнинг май ойида Словакия бош вазири Роберт Фицо Озарбойжонга ташрифи чоғида Украина орқали ўтувчи газ қувури орқали таъминотни давом эттириш имконияти ҳақида гапирган эди, деб эслатади агентлик. 

«Энди ҳаммаси Россиянинг «Газпром»и, Озарбойжон, Украина ва бошқа компаниялар ўртасида иқтисодий ва нарх шароитлари бўйича келишиш бўйича олиб борилаётган музокараларга боғлиқ, - дея Фицонинг май ойида журналистлар олдидаги нутқидан иқтибос келтиради агентлик. - Агар бу шартлар келишиб олинса, Словакия Озарбойжондан газ импорт қила олади, унинг бир қисми Словакияда қолади, бир қисми эса бошқа давлатларга кетади». 

Словакия ҳукумати вакили бу борада батафсил изоҳ беришдан бош тортди.

Bloomberg таъкидлашича, бундай келишувдан фойда кўрадиган яна бир мамлакат Австрия бўлади. Бироқ мамлакат Энергетика вазирлиги бу мавзуга изоҳ тақдим этмади.

Ўз навбатида, Украинанинг «Нафтагаз» компанияси раҳбари Алексей Чернишов Украина газ транспорти тизими ишлашда давом этадиган ечим топиш учун ҳамма нарсани қилишини таъкидлади, чунки «бу катта бойлик ва унга харидор керак».

Март ойида Украина энергетика вазири Герман Галушченко Киев Россия билан ҳеч қандай қўшимча келишувлар тузиш ёки газ транзити бўйича келишувни узайтириш ниятида эмаслигини тасдиқлаган эди. Ушбу шартнома 2024 йил 31 декабрда тугайди. 

Мавзуга оид