Жаҳон | 13:35 / 12.06.2024
17328
3 дақиқада ўқилади

«Ҳизбуллоҳ» Исроил шимолига 100 дан ортиқ ракета учирди

Ҳужум Исроил ҳарбийлари «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали қўмондонини ўлдиргани ҳақидаги хабарлардан кўп ўтмай содир бўлди.

Фото: AFP/Scanpix/LETA

12 июн, сешанба куни Исроил ҳарбийлари ва оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Исроил шимолига ракета зарбалари берган. Ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш Жалиланинг кўплаб аҳоли пунктларида, жумладан Сафед ва Тиберия шаҳарларида янгради, деб ёзади The Jerusalem Post.

The Times of Israel газетаси ЦАҲАЛга таяниб, Ливан ҳудудидан Исроил шимолига камида юзта ракета учирилганини аниқлаштирди. Бу 2023 йил октябр ойида Исроилнинг ҲАМАС гуруҳига қарши уруши бошланганидан бери «Ҳизбуллоҳ» томонидан амалга оширилган энг йирик ҳужумлардан биридир. 

Исроил армияси маълумотларига кўра, Ливандан отилган 90 га яқин ракета мамлакат ҳаво ҳудудини кесиб ўтган, уларнинг бир қисми тутиб олинган, қолганлари бир неча жойга тушиб, ёнғин чиқишига сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар ҳақида маълумотлар йўқ.

Исроил ҳукумати расмий вакили Эйлон Леви ижтимоий тармоқда Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари осмонда ракеталарни тутиб олгани акс этган видеони жойлаштирди.

«Ҳизбуллоҳ» юқори мартабали қўмондонининг йўқ қилиниши

Бир неча соат олдин ОАВ Ливан жанубига Исроил ҳужуми уюштирилгани, натижада «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали қўмондони Талеб Сами Абдуллоҳ ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Хабарларга кўра, у «Ҳизбуллоҳ» ҳарбий тузилмасида «генерал» лавозимни эгаллаган ва Ғазо секторидаги уруш пайтида ўлдирилган гуруҳнинг энг юқори мартабали қўмондони бўлган. Кейинчалик унинг ўлими ҳақидаги маълумот Ливан манбалари томонидан тасдиқланган.

Sky News телеканалининг араб таҳририятига кўра, Талеб Сами Абдуллоҳ ва унинг шериклари жойлашган бинога берилган зарба натижасида «Ҳизбуллоҳ»нинг яна камида уч қўмондони ҳалок бўлган. Исроил ҳодисага расман изоҳ бермади.

Мавзуга оид