Иқтисодиёт | 08:56 / 13.06.2024
7669
3 дақиқада ўқилади

Мосбиржа АҚШ санкцияларидан кейин доллар ва евро билан савдо қилишни тўхтатди

13 июндан бошлаб Москва биржасида икки жаҳон захира валютаси савдоси тўхтатилди. Доллар ва еврода тўловлар ҳам имконсиз бўлади.

Фото: Михаил Гребенщиков / РБК

Москва биржаси 13 июндан доллар ва евро билан савдо қилишни тўхтатади. Бу ҳақдаги хабар 12 июн, чоршанба куни биржанинг расмий сайтида эълон қилинди. Қимматбаҳо металлар ва фонд бозорларида АҚШ ва Европа валюталари билан савдо қилиш ҳам тўхтатилади.

АҚШ Мосбиржа ва бошқа юзлаб ташкилотларга қарши санкциялар киритди

Бир неча соат олдин АҚШ молия вазирлиги Россиянинг Украинага қарши урушига алоқадор шахслар ва компанияларга қарши янги санкциялар пакетини эълон қилди. Рўйхатга Россия, Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Болгария, Сербия, БАА, Беларус, шунингдек, Британия Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган 33 нафар шахс ҳамда 300 га яқин компания ва ташкилотлар киритилган. 

Бошқалар қаторида, Москва биржаси, Миллий клиринг маркази (МКМ) ва Россия Федерациясининг Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси ҳам чекловларга дуч келди. Америка Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, Россия ҳукуматининг Москва биржасига капитални жалб қилиш чоралари Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатлар фуқаролари учун «Россия суверен қарзига сармоя киритиш орқали Кремлнинг ҳарбий машинасидан фойда олиш имкониятларини кенгайтиради».

Мутахассислар Россия валюта бозоридаги муаммоларни тахмин қилди

Россиянинг The Bell нашри ўзининг Telegram-каналида CEPA тадқиқотчиси Александр Коляндрга таяниб ёзганидек, мижозлар биржада доллар ва еврони сотиш ва сотиб олиш имконига эга бўлмаслиги мумкин. Шу муносабат билан, Россия Федерацияси Марказий банки биржадан ташқари операциялар учун валюта курсини белгилашни бошлаши эҳтимоли мавжуд. Шу билан бирга, Коляндрнинг сўзларига кўра, валютани сақлаш учун тўловлар ошиши мумкин ва уни Россиядан олиб чиқиш янада қимматлашади. «Аслида, бу рублнинг конвертациясидан яна бир қадам узоқлашиш», дея хулоса қилди у. 

Ўз навбатида, молиявий таҳлилчи Максим Блант The Insider нашрига берган интервюсида Американинг янги санкциялари Россияни Хитой юанига кўпроқ эътибор қаратишга мажбур қилиши мумкин, деган фикрни билдирди. «Бу Россия ўз суверенитетини йўқотгани […] ва Хитой иқтисодиётининг қўшимчасига айланганининг мутлақ ва якуний эътирофи бўлади», деди Блант. 

Мавзуга оид