Ўзбекистон | 07:31 / 14.06.2024
3125
2 дақиқада ўқилади

2023 йилда наркожиноят содир этганларнинг 31 фоиздан ортиғи ёшлар бўлган

Интернетда психотроп моддалар савдосига ихтисослашган 52 та ахборот ресурси аниқланган. Telegram-каналлар орқали 120 мингга яқин фойдаланувчи қамраб олинган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Жорий йилнинг 12 июн куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистонда ўсмирлар ва ёшлар руҳий саломатлигини профилактика қилиш ва мустаҳкамлаш масалалари бўйича идоралараро ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш давомида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар истеъмолининг олдини олиш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

Сўнгги уч йил (2021-2023 йиллар) мобайнида мазкур йўналишда 25 мингга яқин жиноят иши қўзғатилиб, 17 мингдан ортиқ шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Шундан 5 мингга яқини (30 фоиз) 30 ёшгача бўлган шахсларни ташкил этган.

Таҳлилларга кўра, наркожиноят содир этган ёшларнинг сони йилдан йилга ўсиб бормоқда. Хусусан, 2021 йилда бундай жиноятлар содир қилганларнинг 23 фоизини ёшлар ташкил қилган бўлса, 2022 йилда 24,6 фоизга, 2023 йилда эса 31,2 фоизга етган.

Интернетда психотроп моддалар савдосига ихтисослашган 52 та ахборот ресурси аниқланган. Уларнинг 14 таси веб-сайтларни, 38 таси эса Telegram мессенжерини ташкил этган. Telegram-каналлар орқали 120 мингга яқин фойдаланувчи қамраб олинган.

ИИВ масъуллари ушбу иллатга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида кўрилаётган таъсирчан чоралар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Мавзуга оид