Спорт | 12:09 / 18.06.2024
19151
7 дақиқада ўқилади

Россия БРИКС ўйинларида барчани енгмоқда. Ҳар куни — ўнлаб медаллар

Синхрон сузишда олтин медални Александр Малцев қўлга киритди. У якка ўзи иштирок этди (унда бирорта рақиб йўқ эди).

Фото: Егор Алеев / ТАСС / Profimedia

Россиянинг Қозон шаҳрида 12-23 июн кунлари БРИКС ўйинлари ўтказилмоқда. Бу муқаддам ўзига эътибор тортмаган ҳар йиллик спорт тадбиридир. 2024 йил у билан бир вақтда футбол бўйича Европа чемпионати ҳам бўлиб ўтмоқда. Россия пропагандаси учун эса БРИКС ўйинлари қитъа чемпионатидан муҳимроқ бўлмоқда.

БРИКС ўйинлари бу йил бешинчи бор ўтказилмоқда. Аввалига у худди шу номдаги ташкилот аъзолари бўлган мамлакатлар учун кичик мусобақа сифатида ўйлаб топилганди (2017 йили биринчи ўйинлар ўтказилганида бундай мамлакатлар сони бешта эди: Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР). Унда асосан таниқли бўлмаган ёш спортчилар қатнашади. Турнир ҳар йил ўтказилиши кўзда тутилганди. Уни муайян йилда БРИКСга раислик қилувчи мамлакат қабул қилади. Формат аввалига жуда чекланган ва фақат бир нечта спорт турлари (учтадан бештагача) бўйича мусобақаларни ўз ичига оларди. Бир сафар коронавирус туфайли ўйинларни онлайн ўтказишга тўғри келган — дастурда шахмат, брейк-данс ва ушу бор эди.

Аммо халқаро турнирлардан четлатилган Россия 2024 йилда БРИКС ўйинлари дастури ва географиясини жиддий кенгайтиришга қарор қилди. Ташкилотчилар формал рақамларга қаттиқ эътибор қаратмоқда: бу сафарги турнирда 90 дан ортиқ мамлакатдан тўрт ярим мингдан ортиқ спортчи иштирок этиб, 30 га яқин спорт тури бўйича 387 та медаллар шодаси учун кураш олиб бормоқда.

Шу билан бирга иштирокчи спортчиларнинг тўртдан бир қисми фақат икки давлат — халқаро турнирлардан четлатилган Россия ва Беларус ҳиссасига тўғри келмоқда. Айрим ҳолатларда спортчиларга рақибнинг ўзи топилмаяпти: учта тур бўйича чиқишлар етарли миқдорда иштирокчилар йўқлиги учун стартга бир неча кун қолганида бекор қилинган.

Синхрон сузиш бўйича иккита олтин медални россиялик Александр Малцев қўлга киритди. Эркин дастурда унинг якка ўзи чиқиш қилган. Шоҳсупага ҳам ёлғиз кўтарилган. Техник дастурда бироз қийинроқ бўлган — Малцев бир рақиб билан курашишига тўғри келган.

Мусобақа даражасини иштирокчилар таркибига қараб ҳам айтиш мумкин. Ҳатто Россия терма жамоасига чақирилган 600 спортчидан ҳам фақат бир неча нафари Олимпиада ёки жаҳон чемпионатларида муваффақият қозонган атиши бир неча спортчи бор — гимнастикачи Никита Нагорний, қиличбоз Софя Великая, енгил атлетикачи Сергей Шубенков, синхрон сузувчи Светлана Колесниченко шулар жумласидан. Бошқа мамлакатлар жамоаларида эса умуман юлдузлар йўқ — масалан, Хитой ўйинларга 100 дан ортиқ спортчисини юборган, аммо улар орасида ҳеч бўлмаганда Олимпиада саралашидан ўтган бирор спортчи йўқ.

Россия — чемпион

Россия Ўйинлар рейтингида сўзсиз пешқадамлик қилмоқда: 17 июн ҳолатига россияликлар 117 та олтин медал қўлга киритган, беларусларда — 19, хитойликларда — 17 та олтин бор.

Турнирда иштирок этаётган россиялик спортчиларнинг ўзи ҳам унинг даражаси юқори эмаслигини очиқ айтишмоқда — шу билан бирга, улар жаҳон биринчиликларидан четлатилиш шароитида унда иштирок этиш мантиқийлигини таъкидлашмоқда. «БРИКС ўйинлари — алкоголсиз пиво каби. Йўқдан кўра. Аммо, агар тўғрисини айтсам, бу ҳеч қанақасига Олимпиада ўрнини боса олмайди», — деган шахматчи Александр Гришчук.

Аммо ким чемпион бўлишининг нима фарқи бор?

Россия давлат медиаси БРИКС ўйинларини муҳим спорт тадбиридек ёритмоқда. ТАСС агентлиги ўз сайтида ҳар куни ушбу турнирга бағишланган 30-35 та материал жойламоқда. Таққослаш учун, бугунги кунда жаҳоннинг энг яхши футболчилари иштирок этаётган Европа чемпионати ҳақида агентлик сайтида кунига бундан камроқ материал чиқмоқда.

БРИКС ўйинлари ҳақидаги хабарларда иштирокчилар (биринчи навбатда, хорижликлар) турнирни мақташади. Қуйида ТАСС сайтидан айрим сарлавҳалар:

  • Венесуэлалик сувга сакровчи БРИКС ўйинларида россияликлар билан рақобатлашиш имкониятидан мамнун
  • Енгил атлетикачи Шубенков Қозондаги БРИКС ўйинлари ташкилотчилигини юқори баҳолади
  • Бразилиялик сувга сакровчи Қозонда чиқиш қилишни орзу қилганини айтди
  • Венесуэлалик оғир атлетикачи БРИК ўйинларида россиялик спортчилар билан курашишдан мамнун

«Матч ТВ» ҳар куни БРИКС мусобақаларидан жонли эфир учун уч-тўрт соат ажратмоқда (жумладан, Евро-2024 чемпионатининг кундузги ўйинлари ҳисобидан), ва тунда ҳам бир неча соат давомида ёзиб олинган ўйинлар кўрсатилмоқда. «Бизнес Online» нашри ёзишича, турнирни ёритиш учун Қозонга телеканалнинг 300 дан ортиқ ходими юборилган. 120 та камера ва еттита ҳаракатланувчи телевизион станциялар ишга солинган. «Матч ТВ» канали жами 36 соатлик трансляциялар мўлжалланган, ҳолдингнинг барча каналлари эса — 127 соат.

Бу Олимпиададан ёмонроқ эмасми?

Россия ҳукумати россиялик спортчилар халқаро мусобақалардан четлаштирилган шароитда мунтазам равишда муқобил вариант зарурлиги ҳақида айтиб келади. Бундай муқобил вариантлардан нисбатан юқори статуслиси Жаҳон дўстлик ўйинлари бўлиши керак эди. Ном — «Дружба-84» турнирига ишора қилади, бу турнир ўша йили Лос-Анжелес мезбонлик қилган Олимпиадани бойкот қилган социалистик давлатлар спортчилари иштирокида ўтказилганди.

Дўстлик ўйинларини ўтказиш тўғрисидаги фармон 2023 йил октябрида РФ президенти Владимир Путин томонидан имзоланган. Халқаро олимпия қўмитаси бундай турнирни қоралаб, ундаги иштирок Россияда халқаро спорт мусобақалари ўтказишга тақиқни бузиш сифатида талқин этилишидан огоҳлантирган. Шунга қарамай, ташкилотчилар тадбирга 70 га яқин мамлакатдан вакиллар келишидан умид қилишган, унинг дастурига спортнинг 30 дан ортиқ тури киритилган.

Дўстлик ўйинлари 2024 йил сентябрида Москва ва Екатеринбург шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилганди, аммо июн бошида — унинг бошланишига тўрт ойдан камроқ вақт қолганида — ташкилотчилар у қолдирилганини маълум қилишди. Бундай қарорнинг сабаби расман айтилмаган, ташкилий қўмитадагилар фақатгина янги сана «мамлакат раҳбарияти» томонидан эълон қилинишини билдиришган. ОАВда Дўстлик ўйинларини Париж Олимпиадаси билан бир йилда ўтказмаслик истаги ҳақидаги тахминлар билдирилган — 2025 йилда йирик халқаро турнирлар йўқлигида ташкилотчиларда ўйинларга бошқа мамлакатларнинг юлдузли спортчиларини жалб этиш имконияти бўлади.

Мавзуга оид