Жамият | 10:42 / 20.06.2024
20441
2 дақиқада ўқилади

Наманганда бола ўғриси қамоққа олинди

Чортоқ туманида ёлғиз яшовчи 47 ёшли эркак кўчада ўйнаб юрган 11 ёшли қизни алдаб, ўзининг яшаш хонадонига олиб келган ва яшириб қўйган. Буни кўриб қолган қўшниси ИИБ навбатчилик қисмига хабар берган. Зудлик билан ҳодиса жойига етиб борган ИИБ ходимлари ўғирлаб кетилган қизни эркакнинг уйидан топишиб, оила аъзоларига қайтаришган.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида вояга етмаган қизни ўғирлаб кетган шахс қўлга олинди. 

Kun.uz ўрганган иш ҳужжатларида келтирилишича, бу ишни 1977 йилда туғилган, бугунгача 5 маротаба судланган, Чортоқ туманининг Бешкапа маҳалласида ёлғиз яшовчи А.И. қилган.

У 2024 йил 12 июн куни соат 19:30 ларда маст ҳолда туманнинг Нурафшон маҳалласи Зиёкор кўчасидан ўтиб кетаётиб, шу ерда ёлғиз ўйнаб юрган 11 ёшли қизни алдаб, ўғирлаб кетган. Сўнгра уни шахсий эркинлигидан маҳрум этиш мақсадида ўзи ёлғиз яшаб келаётган уйга олиб бориб, яширган.

А.И. нотаниш бўлган вояга етмаган қизни яшаш хонадонига олиб кириб кетганини қўшниси кўриб қолган ҳамда туман ИИБ навбатчилик қисмига хабар берган. ИИБ ходимлари зудлик билан ҳодиса жойига етиб бориб, ўғирлаб олиб келинган вояга етмаган қизни эркакнинг яшаш уйидан топишган. Қизалоқ ўзининг оила аъзоларига топширилган. 

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “а” банди (вояга етмаган шахсни ўғирлаш) билан жиноят иши қўзғатилган ва А.И. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган. Эркакка нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. 

Мавзуга оид