Ўзбекистон | 09:01 / 21.06.2024
1866
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ишлаётган эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятлар тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилди

Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг оилавий мажбуриятларга эга ишчилар — эркаклар ва аёллар — учун тенг имкониятлар тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилди.

Президент Халқаро меҳнат ташкилотининг Ишлаётган эркаклар ва аёллар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисидаги 156-сонли конвенциясини ратификация қилувчи қонунни имзолади.

Ушбу конвенциянинг мақсади ҳақ тўланадиган меҳнатда ишлайдиган аёллар ва эркаклар учун тенг муносабат ва имкониятларни, шунингдек, оилавий мажбуриятларга эга бўлган шахсларга ўз ҳуқуқларидан дискриминациясиз ва касбий ва оилавий мажбуриятларни имкон қадар уйғунлаштирган ҳолда фойдаланишни таъминлашдан иборат.

Аввалроқ Сенат ратификация тўғрисидаги қонунни кўриб чиқиб, мазкур конвенциянинг барча талаблари мамлакат миллий қонунчилигига тўлиқ татбиқ этилганини таъкидлаган эди.

Ҳозирда конвенция Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо 187 давлатдан 45 таси томонидан ратификация қилинган. Улар орасида Норвегия, Швеция, Испания, Франция, Япония, Жанубий Корея, Озарбойжон ва Қозоғистон бор.

Мавзуга оид