Украина ва Молдова исроилликлар учун визасиз режимни бекор қилиши мумкин
Исроилнинг электрон рухсатнома тизимини жорий этиши Киев ва Кишинёв норозилигига сабаб бўлди. Улар жавоб чекловларини киритиш билан таҳдид қилди.
Украина ва Молдова Исроилнинг янги талабларига жавобан исроилликларнинг визасиз киришини чеклашни кўриб чиқмоқда. Исроилга саёҳат қилиш учун энди электрон рухсатномалар (ETA-IL тизими) керак бўлади. Кишинёв ва Киевга кўра, Исроил расмийларининг бу қадами аслида улар мамлакатлари ўртасида амалдаги визасиз режимни бекор қилади. Молдованинг Исроилдаги элчиси Александр Ройтман 21 июн, жума куни маълум қилишича, кириш қоидаларидаги ўзгаришлар туфайли унинг мамлакати симметрик қарорлар қабул қилишга мажбур бўлади.
«Фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Молдова Республикаси Исроил фуқаролари учун ҳам худди шундай олдиндан тасдиқлаш тизимини жорий этишга мажбурдир», деди Ройтман Молдова элчихонасининг Facebook саҳифасида эълон қилинган баёнотда. Дипломат таъкидлашича, Кишинёвнинг жавоб чоралари ҳар йили Молдова ҳудуди орқали Украинага бориб, Уманга йўл оладиган «минглаб зиёратчиларга ҳам таъсир қилади».
20 июнь куни Украинанинг Исроилдаги элчихонаси ҳам худди шундай баёнот бериб, икки давлат ўртасида 2010 йилдан бери визасиз режим амал қилиб келаётгани ва ўшандан бери улар яқин алоқаларни сақлаётганини эслатиб ўтди. «Аммо, Исроилнинг сўнгги ҳаракатлари, масалан, украиналик қочқинларга киришни чеклаш ва кўплаб украиналикларга киришни тақиқлаш, бу муносабатларни кескинлаштирди. Охирги талаб визасиз режимни амалда тугатади. Бунга жавобан Украина Исроил учун ҳам худди шундай олдиндан тасдиқлаш талабларини жорий қилади», дейилади дипломатик миссия хабарида.
Қайд этилишича, қарор Украинага ҳар йили ташриф буюрадиган минглаб зиёратчиларга тааллуқлидир. Киев Исроил томонидан жорий этилган чекловни ҳамон ўрганмоқда ва бу борада «мулоқот учун очиқ».
Исроилга кириш учун янги қоидалар
Апрел ойида Исроил ҳукумати Исроил билан визасиз режимга эга бўлган мамлакатлардан келган саёҳатчилар учун ETA-IL электрон саёҳат рухсатномаси тизими жорий этилишини эълон қилди. Тизим шуни англатадики, эндиликда ушбу мамлакатлардан келган сайёҳлар мамлакатда 90 кунгача қолиш учун олдиндан рухсат сўрашлари керак бўлади. Рухсатни стандарт ҳужжатлар тўплами билан онлайн ариза топшириш орқали мамлакатга жўнаб кетишдан олдин олиш лозим. Аризани кўриб чиқиш 48 соатгача давом этади. Чоп этилган рухсатнома билан сайёҳлар чегара хизматининг шахсий назоратини четлаб ўтиб, Исроил чегарасида электрон терминаллардан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Мавзуга оид
10:05
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
20:40 / 16.11.2024
HRW Исроилни Ғазо секторидаги фаластинликларни мажбуран кўчирганликда айблади
14:00 / 16.11.2024
Умеров: Украина Россия томонидан эгаллаб олинган барча ерларни қайтариб олмоқчи
13:46 / 16.11.2024