Жаҳон | 20:58 / 23.06.2024
27354
4 дақиқада ўқилади

Севастополга ракета зарбаси. Тўрт киши ҳалок бўлиб, 150 дан ортиқ киши яраланган

Уриб туширилган ракеталардан бирининг парчалари пляжга қулаган.

Фото: Чп / Севастополь телеграм-канали

Аннексия қилинган Севастопол маъмурияти раҳбари Михаил Развожаев 23 июн куни соат 12:20 атрофида шаҳарга ракета зарбалари йўллангани ҳақида хабар берди. Развожаевнинг телеграм-каналида эълон қилинган кейинги хабарда «акватория устида бешта ҳаво нишони йўқ қилингани» айтилади. Телеграм-каналлар Севастополда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаётгани кўрсатилган фото ва видеоларни тарқатган.

РФ мудофаа вазирлиги Севастопол «Американинг кассетали ўқ-дориларга эга ATACMS ракеталари» билан ўққа тутилгани ҳақида хабар қилган. Ҳарбий идора тарқатган хабарга кўра, тўртта ракетани уриб туширишга муваффақ бўлинган. Яна битта ракета «ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ҳаракати таъсирида охирги босқичда парвоз траекториясидан четга оғган ва жанговар қисми шаҳар ҳудуди устида портлаган».

Ракета парчалари шаҳарнинг бир неча районларига тушган. Жумладан, Севастопол раҳбари ўринбосари Александр Кулагин ТАСС агентлигига хабар беришича, Учкуевка ҳудудидаги пляжга ҳам. Шунингдек, ракета қолдиқлари қулаши оқибатида турар жойлардан бирида ва ўрмонда ёнғин чиққан.

Беш киши, жумладан уч нафар бола ҳалок бўлган, дея маълум қилган Развожаев. РФ соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 124 киши жароҳатланган. РИА Новости вазирликка таяниб хабар беришича, жароҳатланганлардан 27 нафари болалар. Кулагиннинг сўзларига кўра, жабрланганларда осколкадан шикастланиш, урилиш ва бошқа жароҳатлар қайд этилган. Аннексия қилинган Севастопол шаҳри маъмурияти раҳбари жабрланганлар сони ортиши мумкинлигини истисно этмаган.

Севастопол расмийлари ишонтиришича, жабрланганларга барча зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. «Бутун соғлиқни сақлаш тизими сафарбар этилган, шифокорлар ва тиббий ходимлар иш жойларида бўлиб турибди, жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилган», — дея ёзади Развожаев ва унинг ўзи шифохоналарга бориб, жароҳатланганлар ҳолидан хабар олганини қўшимча қилган. Севастопол маъмурияти раҳбари унга «президент Владимир Владимирович Путин» қўнғироқ қилгани, қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, «федерал органларга барча зарур ёрдамлар кўрсатиш бўйича топшириқ берганини айтгани»ни айтган.

РФнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Татяна Москалкова ҳужумни тинч аҳолига қарши террор деб атаган. Аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксенов қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларни Қримнинг Севастополдан ташқаридаги шифохоналарига жойлаштириш бўйича ёрдам таклиф этган. Ўз навбатида, Развожаев шунда деган: «Душман айёрлик билан, тинч аҳоли, кимдир ишдан қайтаётганида, кимдир болалари билан денгизга борганида ҳужум қилди». Севастопол раҳбари зарба байрам арафасида берилганига алоҳида эътибор қаратган. 24 июн куни Севастополда қурбонлар хотирасига мотам куни деб эълон қилинди.

Ракета зарбаси туфайли Қрим кўприги бўйлаб ҳаракат вақтинча ёпилган. Краснодар ўлкаси ва Қримдан кўприкка кириш жойларида 600 га яқин автомобиллар навбатда туриб қолган.

РФ тергов қўмитаси Севастопол бўйлаб ракета зарбасидан кейин РФ жиноят кодекси 205-моддаси бўйича (террорчилик акти) жиноий иш қўзғатган. «Ҳодиса тафсилотлари ва терактга алоқадор шахслар аниқланмоқда, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», дейилган қўмитада.

Украина ҳукумати ҳозирча Севастопол бўйлаб зарба юзасидан расман муносабат билдирмади. Украина томонидаги пабликлар эса Украина ҳукумати Қрим аҳолисини ҳудуддан кетишга ва «яриморол деоккупация қилингунича назорат остидаги ҳудудларда ёки учинчи мамлакатда бўлиб туришга чақиргани»ни эслатган.

Мавзуга оид