Тожикистонда тўй ва дафн маросимларини ўтказиш қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори оширилди
Жумладан, туғилган кун, боланинг туғилиши ва «суннат» қилиниши, дафн маросимлари ва исм қўйиш кунлари, никоҳ тўйи, Умра ва Ҳаж зиёрати билан боғлиқ бошқа маросимларни ўтказиш тартибини бузганлик учун жазолар кучайтирилди.
Тожикистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришлар, жумладан, турли байрам ва маросимларни ўтказиш тартиби кучга кирди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун «Чумҳурият» («Республика») газетасида эълон қилинди.
Ўзгартиришлар қуйидаги жарималарни назарда тутади:
- маҳаллий назорат қилувчи органларни байрам ёки тантана ўтказиш нияти тўғрисида хабардор қилмаганлик учун, шунингдек, тадбирлар вақтида пул сочиш ва кўргазмали равишда тарқатиш учун – 10 ҳисоб-китоб кўрсаткичи (720 сомоний ёки 67 АҚШ доллари) миқдорида;
- туғилган кун, суннат ва боланинг туғилиши, дафн маросимлари ва исм қўйиш кунлари билан боғлиқ бошқа маросимларни ўтказиш тартибини бузганлик учун жисмоний шахсларга 815 АҚШ доллари миқдорида жарима солинади. Мансабдор шахслар 2377 доллар миқдорида жаримага тортилади;
- таклиф этилган меҳмонлар сони, байрамни ўтказиш вақти ва давомийлигига риоя қилмаганлик учун жисмоний шахслар 1494 АҚШ доллари, мансабдор шахслар эса 3735 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилади.
Тожикистон президенти томонидан 20 июн куни имзоланган «Анъаналар, байрам ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, тадбирларнинг рухсат этилган давомийлиги 3 соат қилиб кўрсатилган. Уларнинг иштирокчилари сони чекланган: зиёфат - 150 нафаргача, тўй - 200 нафаргача, «куёв кўрар», «келин кўрар» - 15 нафаргача. Тадбирлар 22:00 дан кечиктирмай тугаши керак.
Жисмоний ва юридик шахслар (ҳунармандлар, ресторанлар, кафелар, ошхоналар ва банкет заллари) томонидан тантаналар ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлиги учун жарималар: 2037 АҚШ долларидан 10188 АҚШ долларигача.
Шунингдек, 481-модда Умра ва Ҳаж билан боғлиқ маросимларни ўтказиш тартибига риоя қилиш тўғрисидаги норма билан тўлдирилган.
Зиёратчиларни кузатиш ва кутиб олиш, ҳожизиёрат (зиёрат қилиш), ҳожиталбон (зиёратдан қайтганларни қабул қилиш), ҳожиоши (зиёфат), совға-саломлар тарқатиш, зиёратчилар шарафига ҳовлилар, кўчалар ва автомашиналарни безаш тартибини бузганлик учун жисмоний шахсларга жарима 2037 АҚШ доллари, мансабдор шахсларга 5433 АҚШ доллари миқдорида белгиланган.
Юқорида кўрсатилган қилмишларни маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этса, жарималар миқдори бир неча баробар ошиши мумкин.
Тожикистонда тадбир ва маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги қонун 2007 йил июн ойида кучга кирди. У байрам ва маросимларни ўтказишда дабдабабозликнинг олдини олиш, маблағни тежашга мажбурлаш мақсадида қабул қилинган. Қонун баъзи маросим тадбирларини тақиқлайди, бошқаларини ўтказиш тартиби, меҳмонлар сони ва давомийлиги билан чеклайди.
Мавзуга оид
13:57 / 29.10.2024
Скутер ва самокатдаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди
18:35 / 23.10.2024
Вояга етган квадроберлар 15 суткагача қамалиши мумкин — ИИВ
01:05 / 16.08.2024
Жиззахда 55 нафар ҳоким ёрдамчиси маъмурий жавобгарликка тортилди
13:32 / 04.07.2024