Ўзбекистон | 18:33 / 25.06.2024
22653
2 дақиқада ўқилади

Бир йилдан кўп кутилган кун – нодавлат олийгоҳнинг юриспруденция йўналишига лицензия берилди

Юриспруденция йўналиши бор нодавлат олийгоҳлардан бирига 22 июн куни ОТФИВ томонидан лицензия берилди. Kun.uz олдинроқ “юрфак”ларга лицензия нега берилмаётгани ҳақида расмийлардан изоҳ сўраб, материал эълон қилган эди.

2024 йилнинг 21 июн куни Тошкент шаҳрида жойлашган нодавлат олий таълим муассасаларидан бирига лицензия берилди. Олийгоҳ факултетлари таркибида юриспруденция йўналиши ҳам бор. Kun.uz бу ҳақида қўшимча маълумот олиш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъули билан боғланди. Таълим ташкилотларини лицензиялаш ва фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими вакили Шавкат Қурбонов талабни бажарган нодавлат олийгоҳларга лицензия берилаётганини маълум қилди. “Яна бир нодавлат олийгоҳ ҳам шартларни бажаряпти. Унга ҳам лицензия берилиши кутиляпти”, – деди у.

Маълумот учун, 1 йилдан ортиқ вақт давомида нодавлат олий таълим муассасалари юриспруденция йўналишига лицензия олишда қийинчиликка дуч келаётган эди.

Олдинроқ, Kun.uzʼда нодавлат олий таълим муассасаларининг “юрфак”лари лицензия ололмаётгани ҳақида материал эълон қилинган эди. Kun.uz ОТФИВнинг Таълим ташкилотларини лицензиялаш ва фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Дилшод Муйдинов билан боғланиб, ҳолат бўйича изоҳ олганди. У юриспруденция йўналишида ўқитиш учун лицензияга ҳужжат топширган нодавлат олий таълим муассасалари қонунчиликдаги лицензия талабларини тўлиқ бажара олмаётганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид