Жаҳон | 11:42 / 28.06.2024
9517
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Украина «уруш чўзилиши»ни истамайди

Унинг айтишича, иттифоқчилар билан биргаликда тайёрланадиган тинчлик режаси бир неча ой ичида тақдим этилиши керак.

Фото: Getty Images

Украина «урушни чўзиш»нги истамаяпти, иттифоқчилар билан биргаликда ишлаб чиқилаётган, можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича режа эса бир неча ой ичида тайёр бўлиши керак, деди Брюсселдаги конференцияда президент Володимир Зеленский. Унинг сўзлари видеоси Еврокенгаш раҳбари Шарл Мишел томонидан эълон қилинган.

«Бизда вақт кўп эмас, чунки бизда жанг майдонида, шунингдек тинч аҳоли орасида яраланганлар ва ҳалок бўлганлар кўп. Шунинг учун биз бу уруш йиллар мобайнида давом этишини истамаймиз», — деган Зеленский.

Президент Украина иккинчи тинчлик саммитига қадар тинчлик режасини тайёрлашни режалаштираётганини қўшимча қилган. Иккинчи учрашув қачон ва қаерда ўтказилишига Зеленский аниқлик киритмаган.

Аввалроқ президент офиси раҳбари ўринбосари Игор Жовква «Интерфакс-Украина» агентлиги билан суҳбатда иккинчи саммитни 2024 йил якунига қадар ўтказиш режалаштирилаётганини айтганди. Офис раҳбари Андрей Ермак учрашувга Россия вакиллари таклиф этилиши мумкинлигини айтган.

Бундан олдинроқ кейинги саммитда Россиядан вакиллар иштирок этиши мумкинлигини Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба ҳам истисно этмаганди. «Ғояга кўра, кейинги саммит урушнинг якунланиши бўлиши керак. Ва, албатта, бунинг учун музокаралар столида бошқа томон ҳам керак бўлади. Бу аниқ», — деган у.

  • Тинчлик саммити 15-16 июн кунлари Швейцариядаги Бюргеншток шаҳрида бўлиб ўтганди. Бу Украина томонидан «тинчлик формуласи»ни муҳокама қилиш бўйича билдирилган ташаббус эди — Украина томонига кўра, Россия ва Украина ўртасидаги урушни якунлаш учун мазкур ҳужжатнинг бандлари бажарилиши керак. 
  • Учрашувда ташаббусдаги фақат учта банд муҳокама қилинган: ядровий хавфсизлик, озиқ-овқат хавфсизлиги, шунингдек асирлар алмашуви ва депортация қилинган украин болалар қайтарилиши. Тадбирда 90 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашди, якуний декларацияни 85 мамлакат имзолади.
  • Саммит арафасида Россия президенти Владимир Путин ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун ўз шартларини маълум қилганди. Президентнинг талаблари қуйидагиларни ўз ичига олади: украин қўшинини Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областларидан олиб чиқиш; Украина НАТОга аъзо бўлишдан бош тортиши; РФнинг аннексия қилиб олинган ҳудудлари Киев томонидан тан олиниши; санкциялар бекор қилиниши. Зеленский Путиннинг талабларини «ишониб бўлмайдиган ултиматум» деб атаган.

Мавзуга оид