Жаҳон | 22:19 / 28.06.2024
30396
2 дақиқада ўқилади

Зеленский урушни тўхтатиш режаси тайёрланаётганини эълон қилди

Украина бу йил Россия билан урушни якунлаш бўйича «умумқамровли режа» тайёрлайди ва уни жаҳоннинг кўпчилик давлатлари қўллаб-қувватлайди, дея умид қилади, деди Украина президенти Володимир Зеленский Словения президенти Наташа Пирц-Мусар билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

«Биз учун жаҳоннинг кўпчилик давлатлари томонидан қўллаб-қувватланган урушни якунлаш режасини кўрсатиш жуда муҳим. Бу биз устида иш олиб бораётган дипломатик йўлдир. Боз устига, мен аввал ҳам айтганимдек, ҳаммаси ҳам бизга боғлиқ эмас», — деди Зеленский .

Украина президенти Швейцарияда ўтган Украина бўйича тинчлик саммитини эсга олиб, Киев айни пайтда энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги ва ҳарбий асирларни алмашиш бўйича учта батафсил режа ишлаб чиқаётганини маълум қилди.

«Мен бу масалаларни ечишимизга аминман. Камида батафсил режа тайёрлаймиз. У яқин келажакда тайёр бўлади. Биз «тинчлик формуласи»нинг қолган пунктлари бўйича ҳам иш олиб бориб, умумқамровли режа ишлаб чиқамиз ва у ҳамкорларимизга ўрганиб чиқиш учун тақдим этилади», — деди у.

Зеленский шунингдек Украинада пилотсиз бошқариладиган парвоз қурилмалари, радиоэлектрон кураш воситалари ва артиллерия снярядлари ишлаб чиқариш салмоғи ошаётганини маълум қилди.

«Бу ишларни кимдир урушни хоҳлаётгани учун амалга ошираётганимиз йўқ. Биз бошдан бош урушга қарши бўлганмиз. Энди ҳеч ким ҳоҳламаяпти. Биз шунчаки тинчлик истаймиз», — деди у.

Бу ҳолатда Украина президенти ўз ҳарбий ишлаб чиаришини ривожлантираётганига урғу бериб, бу уларга «кучли бўлиш» учун зарур эканлигини таъкидлади.

«Россия кучдан бошқа ҳеч нарсани тушунмайди ва кучлилардан бошқа ҳеч кимни ҳурмат қилмайди. Яъни бу икки параллар нарса — жанг майдонида кучли бўлиш ҳамда аниқ ва батафсил режа ишлаб чиқиш. Бу режа эса шу йил тайёр бўлади», — деган Володимир Зеленский.

Мавзуга оид