Ўзбекистон | 07:40 / 29.06.2024
3448
3 дақиқада ўқилади

Фуқаролар муаммоларни норасмий ҳал қилиш ҳолатига қайси вазирликларда кўпроқ дуч келаётгани айтилди

Фуқароларнинг фикри асосида, коррупциявий вазиятга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган энг коррупциялашган давлат органлари, вазирлик ва идоралар рейтинги тузилди.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Жорий йилнинг 27 июн куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда “Коррупция - жамоатчилик фикри кўзгусида” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида агентлик ҳамда “Ижтимоий фикр” маркази томонидан мамлакатдаги коррупциянинг моҳияти ва сабаблари, коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларининг самарадорлиги ҳақида жамоатчиликнинг фикри ва муносабатини ўрганиш мақсадида жорий  йилнинг  апрель-май ойларида  ўтказилган “Фуқаролар Ўзбекистонда коррупция тўғрисида” мавзусида ўтказилган социологик тадқиқот натижалари тақдимот қилинди.

Сўров натижаларига кўра, 42,5 фоиз респондентлар мамлакатда коррупциянинг тарқалганлик даражасини “ўртача” дея баҳолади, 18,9 фоиз коррупция даражаси “юқори”, 11,6 фоиз “паст” деган фикрда. 

Тадқиқот натижаларига кўра, фуқароларнинг фикри асосида, коррупциявий вазиятга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган энг коррупциялашган давлат органлари, вазирлик ва идораларнинг рейтинги тузилди. Олинган жавобларга кўра, ўзбекистонликлар кўпинча ўз муаммолари ёки масалаларини норасмий ҳал қилиш ҳолатига Соғлиқни сақлаш, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш, Қурилиш ва уй-жой-коммунал хўжалиги, Ички ишлар вазирлиги каби тузилмаларда дуч келишади.

Ўтказилган тадқиқотнинг кўрсатишича, 46,3 фоиз фуқароларнинг фикрича, мамлакатда коррупция олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилиши барча соҳаларида коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатда коррупция даражасини пасайтиришга ёрдам бермоқда. 26,9 фоиз сўралганларнинг фикрича, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, коррупция даражаси ўсишда давом этмоқда.

Аниқланишича, фуқароларни коррупциявий муносабатларга ва ноқонуний хатти-ҳаракатларга ундайдиган асосий сабаблар бюрократик пайсалга солинишлардан қутилиш истаги, мавжуд муаммоларни ҳал қилишга интилиш  ёки шунга эҳтиёж, муаммони қонуний ҳал қилиш учун вақт ёки имкониятнинг йўқлиги ҳисобланади. Шунингдек, пора ёрдамида масалаларни ҳал қилиш одатий амалиёт, умумқабул қилинган хатти-ҳаракат, муаммони ҳал қилишда ёрдам берган мансабдор шахсга миннатдорчилик билдириш шакли ҳисобланади, деган тасаввур жамоатчиликда кенг тарқалган.

Мавзуга оид