Жаҳон | 20:49 / 29.06.2024
27927
3 дақиқада ўқилади

Рамзан Қодиров Александр Бастрикинни танқид қилди

Чеченистон етакчиси Доғистонда содир этилган терактнинг мусулмонларга алоқаси йўқлиги, исломда одам ўлдиришга чорлов йўқлигини айтди.

Фото: Михаил Метцель / ТАСС

Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Петербург ҳуқуқий форумида чиқиш қилар экан кўплаб шов-шувли баёнотлар билан ёдда қолганди. Россия бош терговчиси, хусусан, ўлим жазосини тиклаш, мамлакатда ниқоб тақиб юришни тақиқлаш каби таклифларни билдирди.

Бастрикин теракт содир этган одамлар кўпи билан бир умрлик қамоққа ҳукм қилиниши, бундай инсонлар умри давомида қамоқхонада кунига уч маҳал овқатлантирилиши, икки соат сайр қилиши, бу эса тўғри эмаслигини айтганди. Бастрикин сўзи давомида Россия Давлат думаси бундай ҳолатларга чора кўриши кераклиги, масалан, аёллар ниқоб тақиб юришини тақиқлаш кераклигини айтди.

«Доғистонда ким теракт содир этди? Исломистлар. Ростовдаги қамоқхонада-чи? Террорчи-исломистлар. Давлат думаси бундай ҳодисаларга реакция билдириши керак.

Сиз айтаётган нарсани тақиқлаш ҳақида Дума қонун чиқариши керак. Буни (ниқобни) кийиш баъзи мусулмон давлатларда тақиқланган, лекин бизда рухсат берилган. Нега? Бу саволга жавоб беролмайман, чунки қонунчи эмасман. Лекин сизнинг фикрингизга қўшиламан, тезда ҳаммасини тақиқлаш керак», деган Бастрикин ниқоб ҳақидаги саволга жавобан.

Чеченистон республикаси раҳбари Рамзан Қодиров россиялик терговчининг гапларига муносабат билдириб, бундай баёнотлар беришда эҳтиёт бўлиш кераклигини таъкидлади.

«Александр Бастрикин Ростов ва Доғистондаги терактни эслаб, уларнинг ижрочиларини «террорчи-исломистлар» деб атади. Александр Ивановичга бундай баёнотларда ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак деган бўлардим. Кўп марта айтганман, яна такрорлайман: мусулмонлар ҳеч қачон теракт содир қилмаган, қилишмайди ҳам. Умид қиламан, Александр Бастрикин бундан кейин исломни террор билан тенглаштирмайди.

Ҳеч бир динда бегуноҳ одамларни ўлдириш ва оммавий қирғин уюштиришга чорлов йўқ. Динни ўзини истаганча атайдиган фанатиклар ва шайтонлар билан адаштириш керак эмас. Уларнинг қиладиганлари ҳеч бир муқаддас китобга — Инжилга ҳам, Қуръонга ҳам, Тавротга ҳам тўғри келмайди.

Александр Бастрикин даражасидаги юқори мартабали мулозим бундай баёнотлар беришни ўзига эп кўрса, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида унинг таъсири катта бўлади», деб ёзди Қодиров ўз каналида.

Мавзуга оид