Жамият | 14:20 / 30.06.2024
44660
2 дақиқада ўқилади

Андижонда фуқарони аёвсиз калтаклаган шахслар ушланди

Бир неча киши темир бўлаклари ва бита билан бир кишини аёвсиз калтаклаган. Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Андижонда бир гуруҳ шахслар бир кишини темир бўлаги ва биталар билан калтаклаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирди.

Унда айтишича, интернентда тарқалган ҳолат бўйича жиноят содир этишда гумонланаётган барча шахслар ушланган.

Уларга нисбатан Хўжаобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 105-модда 2-қисми “и” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган шахсларга нисбатан жазонинг муқарарлиги таъминланади”, дейилади муносабатда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “и” бандида (бир гуруҳ шахслар томонидан қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) назарда тутилган жиноятни содир этган шахсларга уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид