Жаҳон | 19:55 / 02.07.2024
12109
3 дақиқада ўқилади

Киевда суиқасдга учраган қозоғистонлик мухолифатчи журналист вафот этди

Айдос Садиков «Басе» телеграм-канали ва шу номдаги YouTube-каналда Қозоғистон ҳукуматини танқид қилиб келарди. Унга суиқасд қилишда гумонланаётганлардан бири қозоғистонлик собиқ полициячи бўлган.

FACEBOOK.COM/SADYKOVANATALYA

Қозоғистонлик мухолифатчи фаол ва журналист, июн ойи ўрталарида суиқасдга учраган Айдос Садиков Киевда вафот этди, бу ҳақда унинг рафиқаси Наталя Садикова фейсбук орқали маълум қилган.

«Айдос Садиков Киев вақти билан соат 03:00 да бизни тарк этди. Менинг суюкли турмуш ўртоғим, уч фарзандимиз отаси, қозоқ халқининг буюк ўғлони. Айдос бутун ҳаётини Қозоғистонга бағишлади, ёлланма қотиллар қўлидан азобли ўлим топди», — дея ёзган аёл.

18 июн куни журналистга Киевнинг Шевченково районида суиқасд уюштирилганди, бу вақтда Садиков рафиқаси билан биргаликда машинада бўлишган. Суиқасдни содир этишда Қозоғистон фуқаролари Алтай Жаканбаев ва Мейрам Каратаев гумонланмоқда. Тергов версиясига кўра, улардан иккинчиси суиқасд куни Садиков рафиқаси билан бирга ўтирган машинага яқинлашиб, овозпасайтиргич ўрнатилган тўппончадан унинг бошига қарата ўқ узган.

Садиков ўта оғир аҳволда шифохонага ётқизилганди. У 13 кун давомида жонлантириш бўлимида қолган. Унинг турмуш ўртоғига зиён етмаган.

Украина бош прокуратураси журналистга суиқасдда гумонланаётган Қозоғистоннинг икки фуқароси Киевга Полшадан кириб келганини маълум қилган. Улардан бири украин полициясига таслим бўлган. Иккинчиси Молдовага ўтиб кетган, унга халқаро қидирув эълон қилинган.

Садиков рафиқаси билан Киевда қочқин мақомида 2014 йилдан буён яшаб келган. Журналистга ўз ватанида жиноий иш очилган — унинг ўзи бу сиёсий мотивга эга бўлганини айтган.

«Басе» телеграм-каналида ва шу номдаги YouTube-каналда (миллиондан ортиқ обуначиси бор) журналист Қозоғистон ҳукумати танқид қилинган материаллар эълон қилган, уларда журналист мамлакат расмийларини «Россияга ишлаш»да айблаган.

У роликлардан бирида Қозоғистон президентини «Россия жосуслари таъсиридаги қўғирчоқ» деб атайди.

2023 йил кузида Садиков ва унинг рафиқаси Қозоғистонда нафрат қўзғатишда айбланиб, қидирувга берилганди.

Қозоғистон бош прокуратураси суиқасддан кейин иккинчи гумонланувчи қидирилаётгани ҳақида хабар берган — бундай топшириқ мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев томонидан берилган.

Садикованинг ёзишича, гумонланувчилардан бири — полиция ходими, Қозоғистон ИИВ аниқлик киритишича, бу шахс ички ишлар органларидан 2019 йил январида бўшатилганди.

Мавзуга оид