Жаҳон | 08:35 / 03.07.2024
11971
2 дақиқада ўқилади

Politico: Трамп Путин билан келишиш учун НАТОнинг шарқ томон кенгайишидан воз кечиши мумкин

АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп яна Оқ уй раҳбари этиб сайланган тақдирда Россия президенти Владимир Путин билан келишиш мақсадида Шимолий Атлантика алянсининг шарқ томон кенгайишидан воз кечиши мумкин.

Фото: Reuters

Бу ҳақда Politico нашри икки нафар миллий хавфсизлик масалалари бўйича экспертларга асосланиб ёзмоқда.

Нашрга кўра, Трамп Путинга НАТОни шарқ томон кенгайтирмаслик — алянсга Гуржистон ва Украинани қабул қилмаслик тўғрисидаги келишув таклиф этмоқчи. Шунингдек, томонлар Украинанинг оккупация қилинган қисмларидан қанчасини Россия ихтиёрида қолдириш тўғрисида ҳам музокаралар олиб боришади.

Трампнинг яна бир ғояси НАТОнинг икки даражали тизими билан боғлиқ, дейишмоқда Politico манбалари. Унга кўра, мудофаа учун харажатлари ЯИМининг 2 фоизига етмайдиган алянс аъзолари «Америка Қўшма Штатлари томонидан тақдим этиладиган ҳимоя ва хавфсизлик кафолатларидан фойдалана олишмайди».

Шундай қилиб, бундай давлатларга алянс шартномасининг 5-моддаси жорий этилмайди, яъни уларга ташқаридан ҳужум бўлса блок бўйича иттифоқчилар уларга ёрдам кўрсатиш учун шошилишмайди. Боз устига, Трамп командаси аъзолари мазкур модда жуда турланувчан экани ва ҳар қандай аъзога ўз ҳарбийларини сафарбар қилиш мажбуриятини талаб қилмаслигига урғу беришмоқда.

Собиқ президентнинг командасидаги икки юқори мартабали мулозимга кўра, у иккинчи муддатга сайланса АҚШ Германия, Англия ва Туркиядаги авиацияси ва ҳарбий базаларини, шунингдек, ўзининг ҳарбий денгиз кучларини қўллашда давом этади ва Европа узра «ядровий соябон»ни сақлаб қолади. Бир вақтнинг ўзида пиёда қўшинлар, зирҳли техникалар, логистика ва артиллериялар Европа давлатларининг масъулияти остига тушади ва Вашингтоннинг хавфсизлик соҳасидаги ролини қисқартиради.

Мавзуга оид