Иқтисодиёт | 21:01 / 03.07.2024
11428
3 дақиқада ўқилади

UNG Petro ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи қанчага сотилган?

“Ўзбекнефтгаз”нинг бензин шохобчалари тармоғи ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи 453 млрд сўмга сотилган бўлиши мумкин. 2023 йилнинг ноябр ойида тузилган битим асосида, активлар “Petroleum Technology Group” МЧЖ эгалигига ўтган.

“UNG Petro” МЧЖ 70 дан ортиқ АЁҚШга эгалик қилади. / Фото: Kun.uz

UNG Petro бензин шохобчалари тармоғи ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи 2023 йилнинг ноябр ойида 453 млрд сўмга (ёки 519 млрд сўм) сотилган бўлиши мумкин. Бу маълумот “Ўзбекнефтгаз”нинг халқаро стандартлар асосидаги ҳисоботида келтириб ўтилган.

“Молиявий ҳисоботга кўра, жами баланс бўйича 547 млрд сўмлик икки активнинг соф баланс қиймати бегоналаштириш пайтида 259 млрд сўмни ташкил этган. “Ўзбекнефтегаз” мазкур схемадан 194 млрд сўмлик нооперацион даромад қайд этган.

Демак, UNG Petro заправкалар тармоғи ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи, агар ҚҚС тўланмаган бўлса, 453 млрд сўмга сотилган (пули тўлиқ тўланган ё тўланмагани номаълум). Ҳисобот изоҳига кўра, айни схема бўйича нооперацион даромад 260 млрд сўм деб тан олинган”, – дея ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Унинг қўшимча қилишича, “Ўзбекнефтегаз” ўзининг алоҳида молиявий ҳисоботида юқоридаги активларни сотишдан 152,18 млрд сўм нооперацион даромад олинганини қайд этган.

“Бу тан олинган даромад битимнинг жами суммасига оидми ёки келиб тушган бир қисм қийматгами, бир нарса дейиш қийин.

UNG Petro заправкалар тармоғи ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи бўлиб тўлаш шартларда сотилган бўлиши эҳтимоли ҳам мавжуд (гарчи ўта муҳим факт бўлса-да, аудитор бу борада сукут сақлаган). Консолидациялашган ҳисоботдаям бунга аниқлик киритилмаган.

Битим қиймати тийинигача аниқ қанчалигини яна тахмин қилиш мумкин холос”, – дея хулоса қилади Отабек Бакиров.

Эслатиб ўтамиз, мазкур активлар “Petroleum Technology Group” МЧЖ эгалигига ўтганди. Бу МЧЖга собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комилов эгалик қилади.

Бу хусусийлаштириш жараёнлари ҳақида ҳозирга қадар расмий изоҳ берилмаган.

Аввалроқ, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган инвестиция дастурида “Ўзбекнефтгаз”га тегишли Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва нефт конларидаги ускуналарни сотиш кўзда тутилган, бу учта актив жами 70 млн долларга баҳоланганди.

Мавзуга оид