Жаҳон | 16:59 / 06.07.2024
34370
11 дақиқада ўқилади

Хитой нега Қозоғистон ҳудудини босиб олмоқчи бўлганди? СССР ва унинг яқин иттифоқчиси ўртасидаги қуролли можаро тарихи

1969 йилда СССР ва унинг яқин иттифоқчиси Хитой ўртасида иккита қуролли можаро содир бўлади. Бири Узоқ Шарқдан оқиб ўтувчи Уссури дарёсидаги Даман ороли, иккинчиси Қозоғистон шарқидаги ҳудуд учун. Ўша пайтда ҳар икки тўқнашувда ҳам совет қўшинлари устун келади ва ҳудудлар сақлаб қолинади. Бироқ СССР парчалангандан сўнг Хитой барибир мақсадига етади ва ҳар икки ҳудудни ҳам ўзига қўшиб олади.

Хитой ҳудуди 9 598 962 километр квадрат бўлиб, бу кўрсаткич бўйича у дунёда 4-ўринни эгаллайди. Мамлакат 14 та давлат билан қуруқликда, яна бир қанча давлатлар билан сувда чегарадош.

Хитой ўзи билан чегарадош бўлган давлатларнинг барчасига ҳудудий даъволар қилади. Аслида бу даъволар 1949 йил Хитой Халқ Республикаси ташкил топгандан буён сақланиб қолмоқда.

Агар Хитой тарихига назар ташланса у ҳудудий даъволар туфайли чегарадош давлатлар билан жуда кўп марта қуролли тўқнашувлар содир этган. Шу жумладан яқин иттифоқчиси СССР билан ҳам.

“Чин юрти”нинг советлар билан тўқнашувлари Сталин вафотидан кейин бошланган. Гап шундаки, ўша пайтларда Хитой раҳбари Мао Цзэдун ва СССР раҳбари Иосиф Сталин дўстона муносабатда бўлган.

Шу сабабли урушдан сўнг СССР Хитойнинг ривожланиши учун бу мамлакатга турли мутахассисларни юборади. Иқтисодий ва молиявий ёрдам берилади.

Бироқ 1953 йил 5 мартда Сталин вафот этгач вазият ўзгаради. “Доҳий”дан сўнг СССРни бошқарган Никита Хрушчёв 1956 йилда партиянинг ХХ съездида “Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари” ҳақидаги маърузасида Сталин даврида қилинган ишларни кескин қоралайди. “Халқлар доҳийси” деб таърифланадиган Сталиннинг ўзини “қонхўр ва золим эди” деб атайди.

Шундан сўнг социалистик лагерга кирувчи айрим давлатлар раҳбарлари СССРдан узоқлаша бошлашади. Сталин қораланганидан хафа бўлганлардан бири Албания раҳбари Анвар Хўжа бўлса, яна бири Хитой раҳбари Мао Цзэдун эди. Шундан сўнг СССР ва Хитой муносабатлари совий бошлайди.

Оқибатда ҳар икки давлат ўртасидаги ҳудудий можаролар яна қўзғалади ва бир неча марта қуролли тўқнашувлар, жанглар бўлиб ўтади. 1969 йилда Уссури дарёсидаги Даман ороли ҳамда Қозоғистондаги Жаланашкўл кўли ва унинг атрофидаги ерлар учун бўлиб ўтган қуролли можаролар шулар жумласидан эди.

Даман ороли

Ҳодиса хронологияси

1969 йил 2-15 март кунлари Уссури дарёсида жойлашган Даман ороли учун Хитой ва СССР ҳарбийлари ўртасида қуролли можаро бўлиб ўтади. Бу тўқнашувларда совет томони ғалаба қозонади.

Бўлиб ўтган жангларда Хитой томони 1 000 нафарга яқин ҳарбийдан айрилган. Яна кўплаб жангчилар яраланган. Советлар эса 100 нафар атрофида ҳарбийларини йўқотган ва яна шунчаси ярадор бўлган.

Узоқ шарқда Даман ороли учун асосий тўқнашувлар бўлиб ўтганидан сўнг 1969 йил август ойи бошларида совет чегарачилари Қозоғистон шарқида кўплаб хитойлик ҳарбийларни пайқаб қолишади.

Шундан сўнг Хитой ҳарбийларига ҳудуддан чиқиб кетиш ва музокаралар ўтказиш таклифи юборилади. Бироқ улар жавоб беришмайди. Шундан сўнг совет ҳарбийлари муқаррар тўқнашувга тайёргарлик кўра бошлашади. Чегарага қўшимча кучлар олиб келинади, хандақлар қазилади.

13 август куни юзлаб Хитой ҳарбийлари кичик-кичик гуруҳларга бўлиниб, “Жаланашкўл” чегара пости яқинида яна совет чегарасини кесиб ўта бошлашади.

Совет ҳарбийлари хитойликларга ортга қайтишларини буюришганда улар бунга ўт очиш билан жавоб қайтаришади. Шундан сўнг отишма бошланади ва жанг тунга бориб тўхтайди. Эртаси куни хитойликлар ортга қайтишади.

Бўлиб ўтган жангларда совет ҳарбийларидан 2 киши ҳалок бўлади, 10 киши яраланади. Хитойликлардан эса 19 киши ҳалок бўлади, уч киши ярадор бўлиб, асирга тушади. Асирларни касалхонага олиб кетишда уларнинг икки нафари вафот этади.

Бироқ ҳодиса гувоҳлари бўлганлар ҳар икки томондан йўқотишлар кўпроқ бўлганини айтишган.

Жалангкўлдаги қуролли можаро Даман ороли учун бўлиб ўтган жанглардан кейин СССР ва Хитой ҳарбийлари ўртасида бўлиб ўтган иккинчи йирик тўқнашув эди.

1969 йил 14 сентябр куни СССР министрлар совети раиси Алексей Косигин Пекинда Хитой давлат кенгаши раиси Чжоу Энлай билан учрашиб, ўзаро душманлик ҳаракатларини тўхтатиш ҳақидаги келишувни имзолайди.

Шундан сўнг хитойликлар Қозоғистон шарқидаги ҳудудларга бошқа тажовуз қилишмайди.

Алексей Косигин Пекинда, 1969 йил

Орадан қарийб бир йил ўтгач, 1970 йил 7 май куни СССР олий совети президиуми қарори билан Жаланашкўл яқинидаги қуролли можарода қаҳрамонлик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбийлар юксак орден ва медаллар билан тақдирланишади.

Жумладан, бир киши Ленин ордени, беш киши Қизил байроқ, олти киши Қизил юлдуз, икки киши Шуҳрат орденлари билан, 10 киши Жасорати учун, 11 киши Жанговор хизматлари учун медалларини олади.

Кўпчилик тарихчилар тақдирланганлар рўйхати катта (33 ҳарбий) ва орден ҳамда медаллар салмоқли бўлгани учун учун ҳам Жаланашкўл яқинида хитойликлар билан жиддий жанг бўлганини айтишади.

Аслида жанг жиддий бўлган ва йўқотишлар ҳам расмий маълумотларда кўрсатилгандан анча кўп бўлган. Ўша пайтда советлар Ғарб ОАВда “дўст” Хитой билан тўқнашув ваҳима қилиб юборилмаслиги учун ҳам унинг кўламини камайтириб кўрсатган.

Баҳсли ҳудуднинг кейинги тақдири

Жаланашкўл кўли ва унинг атрофидаги ҳудуд учун тўқнашув содир бўлганда Хитойни Мао Цзэдун бошқарарди. 1976 йил 9 сентябрда у вафот этади.

Шундан сўнг Хитойнинг янги раҳбарияти Мао Цзэдун давридагидан тубдан фарқ қиладиган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказади. Натижада Хитой Ғарб давлатлари билан фаол иқтисодий ҳамкорлик қила бошлайди.

Гарчи мамлакатдаги вазият Мао давридагидан кескин фарқ қилса-да Хитойнинг ҳудудий даъволари ўзгармасдан қолади. Бироқ ўша пайтда ташқи дунёга энди-энди очилаётган Хитой ҳудудий баҳсларни қўзғаб масалани чигаллаштиришни хоҳламайди.

1991 йилда СССР парчаланиб кетади. Шундан сўнг Хитой собиқ иттифоқ республикаларига нисбатан ҳудудий даъволарини қайта кўтариб чиқади.

Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан чегара ҳудудларда жойлашган баҳсли ерларни беришни талаб қилади. Баъзи ҳудудларни олади.

Жумладан, 1998 йилда Алмати шаҳрида ўтказилган “Шанхай бешлиги” (Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти бошида шундай деб аталган) саммитида Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев ва Хитой раҳбари Цзян Цзенмин Жаланашкўл атрофидаги баҳсли ҳудудларни Хитойга топшириш ҳақидаги келишувни имзолашади.

Шу тариқа Хитой Қозоғистондан қарийб 1 000 километр квадрат ерни олишга муваффақ бўлди. Ўшанда Назарбоевнинг бу иши Қозоғистон аҳолисининг кескин танқидига учрайди. Бироқ ғишт қолипдан кўчган ва ер Хитойга ўтиб кетган эди.

2008 йил 13 август куни хитойликлар Қозоғистондан олган ерларида 1969 йилда бўлиб ўтган қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлган жангчилар хотираси учун ёдгорлик ўрнатишади.

Хитойнинг ҳудудий даъволари

Кейинчалик, 2011 йилда Хитой Тожикистондан, Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳудудидан 1,1 минг километр квадрат (мамлакат ҳудудининг қарийб 1 фоизи) ерини олади.

Шунингдек, Хитой Қирғизистондан ҳам анча ерни олади. Жумладан, 1999 йилда Аскар Акаев хитойликлар билан баҳсли ҳудудлардан бири бўйича келишувга эришади.

Натижада Хитой Узонгу-Кууш ҳудудидан 161 километр квадрат ерни олишга муваффақ бўлади. Бу хитойликлар талаб қилган ернинг 39 фоизи эди.

Хитойга берилган ҳудудда қирғизлар учун муқаддас бўлган Хон Тангри чўққиси ҳам бор эди. Ўшанда Акаевнинг бу иши Қирғизистон аҳолисининг кенг норозилигига сабаб бўлади.

Хитой Қирғизистон ва Тожикистондан олган ерлар кўрсатилган харита.

Бундан ташқари, Хитой СССР парчаланиб кетгандан сўнг Россиядан ҳам жуда кўп баҳсли ҳудудларни қайтариб олди.

Жумладан, 2004 йил Путин Хитойга амалга оширган давлат ташрифи давомида Хабаровск ўлкасида жойлашган Катта Уссурийск ороли ярмини ва Тарабаров оролини Хитойга бериш ҳақидаги ҳужжатларни ҳам имзолайди.

2008 йилда Катта Уссурийск ороли ярми ва Тарабаров ороли узил-кесил Хитой бошқарувига топширилади. Ўша пайтда келишувда Катта Уссурийск оролида визасиз режим ўрнатилиши, бу ерда яшовчи россияликлар ва хитойликлар орол бўйлаб эркин ҳаракатланиши ҳақидаги банд бор эди.

Бироқ Россия ОАВлари 2023 йилдан бошлаб Хитой томони оролнинг ярмида яшовчи россияликларни ўз томонига визасиз ўтказишни тўхтатгани ҳақида ёзиб чиқишди.

Сўнгги йилларда Хитойда чоп этилаётган янги хариталарда Катта Уссурийск ороли тўлиқ Хитой ҳудуди сифатида кўрсатилмоқда. Бу Хитой оролнинг Россия эгалигида қолган қисмига ҳам даъво қилаётганини англатади.

2014 йилда Хитой томони Россияни Уссури дарёсида жойлашган Даман оролини ҳам ўзига беришга кўндиради. Ўша пайтда оролда россияликларнинг уйлари бор эди ва у ерда анча одам яшарди. 2014 йилда орол Хитойга ўтгач россияликлар Дамандан кўчириб кетилади.

Россия ОАВларида ёзилишича, Путин бошқаруви даврида умумий ҳисобда Россия Узоқ Шарқда, Амур ва Уссури дарёларида жойлашган турли катталикдаги 600 дан ошиқ оролларни Хитойга топширган.

Шунингдек, сўнгги йилларда Хитой ва Ҳиндистон ўртасида Ҳимолай тоғларида жойлашган ҳудуд учун зиддиятлар кучайди. Чегара ҳудудларда тез-тез отишмалар, кичик қуролли можаролар юз бермоқда.

Бундан ташқари, Хитой Япон денгизи, Жанубий Хитой денгизи ва Тинч океанидаги ўз ҳудудларига туташ бошқа денгизларда активликни оширди. Бу эса Жануий-Шарқий Осиёда жойлашган Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Филиппин, Виетнам каби давлатлар билан баҳсларни келтириб чиқармоқда.

Хитой даъво қилиши айтиладиган ҳудудлар​ (тўқ қизил рангда)​​​

Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги бир қанча оролларга даъво қилиши ҳатто Ҳаага судида кўриб чиқилган ва асоссиз деб топилган. Шунга қарамай Хитой ўша оролларни эгаллаб, уларда ҳарбий базалар қуришда давом этмоқда.

Хитойнинг бузғунчи кемалари Индонезиянинг сувли ҳудудларигача етиб бормоқда. 2016 йилда ана шундай кемалардан 12 таси Индонезия ҳудудига кириб борган ва индонезлар улардан биттасини тутиб олганди.

Шунингдек, ўша йили Хитой кемалари Япония ўзига тегишли деб биладиган Жанубий Хитой денгизидаги Сенкаку ороллари жойлашган ҳудудга кириб борган ва бу иш Япониянинг ҳақли эътирозига сабаб бўлганди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади 

Мавзуга оид